Янги кўргазмалар зали фойдаланишга топширилди
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида янги ташкил этилган Кўргазмалар зали ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари ижодий асарлари кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Дастлаб, Кўргазмалар зали ва ундаги илк кўргазма очилишида сўзга чиққан институт ректори Омонулла Салихов масканнинг илмий-маънавий аҳамияти ҳақида тўхталди.


Унинг илк фаолияти Ўзбекистон Бадиий академияси академиклари ижодий асарлари кўргазмаси билан бошлангани эса нафақат бадиий меросни намойиш этиш, балки таълим жараёнини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, талабаларнинг ижодий салоҳиятини ривожлантириш ва миллий санъат мактабида устоз-шогирд анъаналари асосида узвийликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Тадбирда қайд этилганидек, замонавий кўргазма залининг эшиклари турли санъат лойиҳалари учун ҳамиша очиқ бўлиб, педагоглар ҳамда талабалар, назариётчилар ҳамда амалиётчилар учун ижодий платформа вазифасини бажаради ҳамда кўплаб янги ва ёш истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади.
Гулноза Бобоева, ЎзА