Янги иш ўринлари яратилмоқда
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётган бўлиб, кўплаб янги корхоналар ишга туширилди.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида истиқболли лойиҳалар амалга оширилаётган бўлиб, кўплаб янги корхоналар ишга туширилди. Қувонарлиси, уларда меҳнат қилаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил қилади.
Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида бу ерда “Ёшлар маркази” ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси уюшмаган ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, қайта тайёрлаш, иш берувчи талаб ва истаклари асосида малакали мутахассислар тайёрлаб беришдан иборат. Шунингдек, марказ ишлаб чиқариш тармоқларида меҳнат қилаётган ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида турли спорт мусобақалари, кўрик-танловлар ташкил этмоқда.
Бир неча куннинг ўзида 30 нафар маҳаллий ёш марказ тавсияси асосида иқтисодий зонадаги корхоналарга ишга жойлашди.
– Учкўприк туманидаги саноат касб-ҳунар коллежини тамомлаганман, – дейди Рисолат Маҳмудова. – Иш топишда бироз қийналдим. “Қўқон” иқтисодий зонасида ёшлар маркази ташкил этилганини эшитиб, бу ерга келдим. Уларнинг тавсиялари билан “Great Kokand” корхонасида ишлаяпман.
Ҳозирга қадар “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида 34 та лойиҳа амалга ошди. Ўтган йилда 891 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 10 миллион АҚШ доллари миқдорида экспорт қилинди, 2000 та янги иш ўрни яратилди.
– Жорий йилнинг январь ойидаёқ 133,3 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотларимиз экспортга йўналтирилди, – дейди “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси директори Фахридин Раҳмонов. – Ҳозир яна 48 та янги лойиҳани ишлаб чиқаришга жорий этиш устида иш олиб борилмоқда. Бу ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш билан бирга, 5 мингга яқин янги иш ўрни яратиш имкониятини беради.