Янги иш ўринлари яратилди
Гулистон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 755 та янги иш ўрни яратилди. Бу ҳақда туман Иқтисодиёт ва молия бўлими томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Гулистон туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, фуқаролар даромадларини ошириш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 5 минг 755 та янги иш ўрни яратилди. Бу ҳақда туман Иқтисодиёт ва молия бўлими томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар, блогерлар ҳамда соҳа мутасаддилари иштирок этиб, ҳудудда иқтисодий фаолликни ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ижтимоий муҳофазани кучайтириш йўналишларида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Анжуманда қайд этилишича, туманда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган давлат дастурлари изчил амалга оширилмоқда. Хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 407 нафар фуқарога жами 6 миллиард сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилди. Мазкур молиявий кўмак натижасида юзлаб аҳоли вакиллари ўз бизнесини бошлаш ёки кенгайтириш имкониятларига эга бўлди.
Шунингдек, бандликни таъминлашнинг самарали механизмларидан бири сифатида 2 минг 583 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу эса аҳолининг расмий меҳнат фаолияти билан қамраб олиниши ҳамда барқарор даромад манбаларига эга бўлишига хизмат қилмоқда.
Матбуот анжуманида камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳам алоҳида таъкидланди. Хусусан, мамлакатимизда ижобий натижа бераётган “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқа ерларидан самарали фойдаланиш тизими жорий қилиниб, бу орқали 196 та оила камбағаллик тоифасидан чиқарилди. Томорқачилик ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли даромадларини оширишнинг муҳим омили сифатида хизмат қилаётгани қайд этилди.
Бундан ташқари, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш мақсадида субсидия маблағлари ажратилиб, уларнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланиши ва мустақил даромад топиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Туманда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида аҳоли томонидан илгари сурилган муҳим таклифлар асосида қатор ижтимоий ва инфратузилма объектлари таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди.
Шунингдек, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва манзилли ёрдам кўрсатиш ишлари ҳам тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Тадбир якунида журналистлар ва блогерлар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди. Таъкидланганидек, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири