Янги фермернинг катта юмушлари
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фермер хўжаликлари аграр тармоқнинг етакчи кучига айланди.
Президентимиз раҳнамолигида қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида фермер хўжаликлари аграр тармоқнинг етакчи кучига айланди. Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 22 октябрдаги “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.Фармон асосида Самарқанд вилоятида 2013-2015 йилларда 8 мингдан ортиқ фермер хўжалиги кўп тармоқлига айлантирилди. Улар томонидан 9 минг 266 янги лойиҳа амалга оширилиб, 30 мингта янги иш ўрни яратилди.
Жорий йилда 2 минг 500 га яқин лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали 2 минг 328 фермер хўжалиги фаолият йўналишини кенгайтириш ва 9 минг 200 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш режалаштирилган. Бунинг учун 181 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.
Ушбу вазифаларни ўз вақтида, сифатли бажаришда ўтган йил якунида амалга оширилган фермер хўжаликлари ерларининг мақбуллаштирилиши ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бу жараёнда вилоятдаги фермер хўжаликларининг ердан самарали фойдаланиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни янада кўпайтириш ва кўп тармоқли фаолият олиб бориш имкониятлари, молиявий ҳолати, моддий-техник базаси ва, албатта, фермернинг деҳқончилик маданияти, тажрибаси эътиборга олинди. Мақбуллаштириш натижасида вилоятда 1 минг 689 янги фермер хўжалиги ташкил этилиб, уларнинг умумий сони 12 минг 641 тага етди. Хўжаликларнинг 68 фоизи пахта ва ғаллачилик, 20 фоизи боғдорчилик ва узумчилик, 4,5 фоизи чорвачилик, 3 фоизи сабзавотчилик ва полизчилик ҳамда 4,5 фоизи бошқа йўналишларга ихтисослашган.
Оқдарё туманида шу пайтга қадар тасарруфида 20 минг 549 гектар ер майдони бўлган 727 фермер хўжалиги фаолият кўрсатган бўлса, мақбуллаштиришдан сўнг хўжаликлар сони 775 тага етди.
– Тўғрисини айтиш керак, юртимизда фермерлик ҳаракати бошланиб, ер фермерларга берилганда, деҳқончиликдан хабари борлар ҳам, уни яхши билмайдиганлар ҳам шу ишга қўл уриб кўрди, – дейди Оқдарё тумани фермерлар кенгаши раиси Сулаймон Рустамов. – Албатта, ҳар бир қарич ернинг қадрига етадиган, йилнинг қайси фаслида қандай тадбирни амалга оширишни биладиган фермерлар ернинг ҳақиқий мулкдорига айланди, хўжалик даромадини йил сайин ошириб борди. Лекин фермерлар зиммасидаги масъулиятнинг залвори, улар олдидаги вазифалар ва бугунги кун талабини англамаган, соҳага янглиш келиб қолганлар ўз-ўзидан четда қолиб кетаверди. Ердан мақсадли фойдаланмаслик натижасида кўзланган ҳосил олинмади, шартнома мажбуриятлари бажарилмади. Оқибатда бундай фермерлар ерни топширишга мажбур бўлди. 2015 йилда амалга оширилган фермер хўжаликларини мақбуллаштириш тадбири энг муносиб фермерларни саралаш имконини берди. Бу жараёнда туманимизда фермер хўжаликлари 48 тага кўпайди, 250 хўжалик янгидан ташкил этилди. Пахта ва ғаллачилик йўналишида 67, сабзавот ва полизчиликда 37 янги фермер хўжалиги иш бошлади. Ҳар бир фермер хўжалигида камида ўнта янги иш ўрни яратилди. Эндиликда фермер хўжалиги ташкил этиш очиқ-ошкора, депутатлар иштирокида амалга оширилиб, маҳаллий Кенгашлар томонидан тасдиқланмоқда.
Туманнинг Янги қишлоқ маҳалласидаги “Оқдарё Одилжон даласи” фермер хўжалиги ҳам янги тартиб асосида ташкил этилган хўжаликлардан бири. 38,5 гектар ер майдонига эга фермер Сайфулла Ҳимматов айни пайтда хўжалик аъзолари билан бирга дастлабки мавсум юмушларига киришган.
– Ўзимиз яшаб турган ҳудуд бўлгани учун ернинг ҳолати, унумдорлиги ва сув таъминотини яхши биламиз, – дейди С.Ҳимматов. – Шу боис, қиш мавсумида далага маҳаллий ўғит чиқариш, ариқларни тозалаш ва ғалла майдонларини озиқлантиришга эътибор қаратдик. Ғаллани биринчи ўғитлашдан чиқардик. Энди шарбат усулида суғоришга тайёргарлик кўряпмиз. Пахта экиладиган ерларимиз, 50 сотих майдондаги узумзорда кунлар исиши билан амалга оширишимиз лозим бўлган агротехник тадбирларни белгилаб олганмиз. Бу юмушларни меҳнат дафтарчаси очилиб, ишга қабул қилинган беш ишчимиз бажаряпти. Бу йил яна 10 ишчи, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга оламиз.
“Тепасуғончи Оқдарё” фермер хўжалиги 82 гектар майдонда деҳқончилик билан шуғулланган бўлса, мақбуллаштиришдан сўнг унинг тасарруфида 46 гектар майдон қолди.
– Хўжалик ихтиёридаги ернинг катталиги эмас, ундан самарали фойдаланиш муҳим экан, – дейди фермер хўжалиги бошлиғи Жонибек Аҳмадов. – Ҳозир 21 гектар майдонда ғалла парваришлаяпмиз. Майса ривожи яхши, дастлабки озиқлантириш ишларини амалга оширдик. 3 гектар ерда чорва учун ем-хашак етиштирамиз. Чунки хўжалик фаолиятини кенгайтириб, чорвачилик фермаси очганмиз. 40 бошга яқин қорамолимиз бор. Келгусида мазкур тармоқни янада кенгайтириш, паррандачилик, иссиқхона хўжалиги ташкил этишни режалаштирганмиз.
Бугунги кунда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Оқдарёда ҳам қишлоқ хўжалик экинларини етиштиришда амалий ёрдам кўрсатувчи ва ҳисоб-китоб ишларини мувофиқлаштирувчи мониторинг маркази фаолияти йўлга қўйилиб, фермерларга ҳар томонлама амалий кўмак берилмоқда. Жорий йилдан иш бошлаган ушбу марказларда мутасадди идора ва ташкилотлар масъул ходимларидан иборат ҳисоб-китоб, мониторинг кузатув ҳамда хизмат кўрсатиш ва таъминот гуруҳлари ташкил этилган. Ушбу гуруҳлар томонидан фермер хўжаликларига иқтисодий-ҳуқуқий, амалий-услубий ёрдам кўрсатилмоқда, уларнинг талаб ва эҳтиёжи асосида минерал ўғит, ёнилғи мойлаш материаллари, уруғлик ва биомаҳсулотларни ўз вақтида етказиб бериш чоралари кўрилмоқда.
Бундай имконият ва шароитлар қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар изчилигини таъминлаш, аҳоли фаровонлигини юксалтириш, бунда фермерларнинг ўрни ва ролини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.