Янги давр санъаткорларига кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг теран фалсафаси
Муносабат
Кўксарой қароргоҳида 15 апрель куни бўлиб ўтган тантанали маросим Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат вакилларига кўрсатилаётган юксак эҳтиромнинг ёрқин намойиши бўлди.
Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан иштироки мамлакатимизда ушбу соҳага бўлган эътиборнинг юқори эканини бир бор тасдиқлади. Санъаткорларни эъзозлаш бу миллатнинг руҳини, унинг тарихи ва эртасини эъзозлаш демакдир.
Бугун Ўзбекистонда маданият соҳаси давлат сиёсатининг стратегик йўналишларидан бирига айланди. Зокировлар сулоласи мисолида бутун бир санъат мактабларининг қўллаб-қувватланиши, ижодкорларнинг ижтимоий шароитларини яхшилаш ва уларнинг меҳнатини муносиб тақдирлаш тизимли тус олди.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, санъат ва маданият халқлар ўртасида маънавий кўприк вазифасини ўтайди. Бугун ўзбек қўшиқларининг Марказий Осиё ва қўшни давлатларда баралла янграётгани, санъаткорларимизнинг халқаро саҳналарда эътироф этилаётгани қувонарли. Бу юртимизда яратилган ижодий эркинлик ва давлат ғамхўрлигининг мевасидир. Миллий эстраданинг “олтин фонди”ни асраб-авайлаш ва уни бойитиш учун қилинаётган ишлар келажак авлод маънавияти учун қўйилган улкан қадамдир.
Тадбирда иштирок этган ҳар бир санъаткорнинг нигоҳида бир мамнуният, дилида эса шукроналик туйғуси бор эди. Президент томонидан билдирилган ишонч ва яратиб берилган янги имкониятлар ижод аҳлига янги ғайрат ва илҳом бағишлади. Зеро, санъаткори қадр топган юртнинг қадди ҳамиша баланд бўлади.

Ушбу тарихий тадбирда иштирок этган турли соҳа ва санъат вакилларининг қалб сўзлари, уларнинг бугунги ўзгаришларга бўлган муносабати билан қизиқдик.
– Бугунги тадбир биз учун ҳақиқий санъат байрамига айланди, – дейди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, композитор Рустам Абдуллаев. – Очиғини айтиш керак, Президентимиз томонидан маданият соҳасига кўрсатилаётган эътибор дунёнинг кўплаб давлатлари учун намуна бўла олади. Бизда композиторлар учун яратилган замонавий шароитлар, янги студиялар ва ижод уйлари фаолиятимиздаги эркинлигимизнинг кафолатидир.
Айниқса, Маданият ва санъат ходимлари кунининг кенг нишонланиши соҳа вакилларига ўзгача руҳ бағишлади. Маънавият ва маърифатга берилган эътибор катта ютуқларимизнинг пойдевори бўляпти. Яшнободдаги мусиқа мактабига Фаррух Зокиров номининг берилиши эса миллий “олтин мерос”ни замонавий технологиялар билан бойитиш йўлидаги тарихий қадамдир. Бундай юксак эътибор зиммамизга янги ва улкан масъулият юклайди.

– “Ялла” ансамблининг ярим асрдан ортиқ тарихи жаҳон санъатида кам учрайдиган ноёб ҳодиса, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ойдин Абдуллаева. – Шу соҳаға бегона бўлмаган инсон сифатида айтаманки, бирон бир жамоанинг шунча вақт давомида ўз нуфузи ва шаклини йўқотмай ривожланиши камдан-кам кузатилади. Фаррух Зокиров ўз қобилияти ва юксак салоҳияти билан ансамблнинг мазмун-моҳиятини сақлаб қолди ва уни бутун дунёга танитди.
Бугун эстрада йўналишида таҳсил олаётган ёшлар учун “Ялла” ҳақиқий ижод мактабидир. Улар аранжировка, вокал ва чолғу ижрочилигида биринчи навбатда Фаррух Зокиров ижодига мурожаат қилишади. Бир маслак атрофида жамоани бирлаштириш ва уни ўнлаб йиллар давомида муваффақиятли бошқаришҳақиқий жасорат саналади. Давлатимиз раҳбарининг бу ижодий меҳнатни юксак баҳолаши биз, санъат аҳли учун ниҳоятда қадрлидир.
Кўксаройдаги мазкур учрашув ва унда билдирилган фикрлар бир ҳақиқатни англатади. Бу Ўзбекистонда санъат ва маданиятга миллатнинг юзи, унинг маънавий қудрати сифатида қаралмоқда. Санъаткорнинг заҳматли меҳнати давлат даражасида эътироф этилиши эса ёш ижодкорлар учун энг катта руҳлантиришдир.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири