Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов раислигида ўтказилган йиғилишда 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари муҳокама қилинди. Йиғилишда вилоятнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари атрофлича таҳлил этилди ва эришилган ютуқлар, шунингдек, ечим талаб қилувчи муаммолар кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг олти ойи давомида Сирдарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот 106,3 фоизни ташкил этиб, белгиланган 104 фоизли прогноздан юқори натижа қайд этилди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 105,6 фоизга, бозор хизматлари соҳасида ўсиш 114,1 фоизга, қишлоқ хўжалигидаги ўсиш 103,9 фоизга, қурилиш соҳасида эса 116,5 фоизга етди. Барча кўрсаткичлар прогноздан юқори натижаларни акс эттирди.

Экспортда ҳам ижобий ўсиш кузатилди — ушбу даврда экспорт ҳажми 116,3 фоизни ташкил этди. Давлат бюджетига тушумлар 128 фоиз даражасида бажарилди, бу эса вилоят иқтисодий барқарорлигининг яна бир тасдиғидир.

Шу билан бирга, йиғилишда қатор муаммоли жиҳатлар ҳам тилга олинди. Айрим туман ва шаҳарларда саноат соҳасида паст ўсиш суръатлари қайд этилган. Хусусан, Сайхунобод туманида ушбу кўрсаткич 3,2 фоизни, Гулистон шаҳрида эса 3,7 фоизни ташкил этган. Қишлоқ хўжалиги йўналишида, айниқса, пилла етиштириш кўрсаткичлари бир қатор ҳудудларда пасайган. Масалан, Оқолтин туманида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 42,2 тонна, Гулистон туманида эса 58,6 тонна кам хомашё йиғилган.

Эркинжон Турдимов вилоятнинг иқтисодий салоҳияти юқори эканини қайд этар экан, уни тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини кўпайтириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш барча раҳбарлар учун устувор вазифа бўлиши кераклигини таъкидлади.

Йиғилиш якунида вилоят ва тармоқлар кесимида иккинчи ярим йилликка мўлжалланган аниқ вазифалар белгилаб олинди. Жумладан, ялпи ҳудудий маҳсулотни 7,5 фоизга, саноат маҳсулотларини 7 фоизга, бозор хизматларини 15 фоизга, қишлоқ хўжалигини 5 фоизга, қурилиш соҳасини эса 17 фоизга ошириш режалаштирилди. Шунингдек, ишсизлик даражасини 5,4 фоизга, камбағаллик даражасини эса 7,4 фоизга камайтириш вазифаси қўйилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири