Волейбол: Ўзбекистон миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинланди
Волейбол бўйича Ўзбекистон эркаклар миллий терма жамоасига янги бош мураббий тайинланди.
Ўзбекистон волейбол федерацияси хабарига кўра, ушбу вазифада эронлик тажрибали волейбол мутахассиси Рамин Бабаи иш бошлади.
Рамин Бабаи 2003-2005 йиллар давомида Эрон миллий терма жамоаси аъзоси сифатида Осиё чемпионати ва халқаро мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаган. Спортчи сифатида Эрон волейбол клубларида бир неча бор мамлакат чемпионлигига эга чиққан. Кейинчалик Эрон клубларида мураббийлик қилган.
Шунингдек, у Туркманистон ва Афғонистон миллий терма жамоаларини бошқарган.
2020 йилдан Туркманистон терма жамоасида бош мураббий бўлиб ишлаган. 2025 йили Рамин Бабаи устозлигида Туркманистон жамоаси “CAVA Cup” мусобақасида чемпионликни қўлга киритган.
Т. Рўзиев, ЎзА