Виждонингизни бекатда қолдирманг, жамоат транспортида маданиятингизни намоён қилинг
Кеч кузнинг ёмғирли кунларидан бири бошланди. Одам гавжум бекатда тўхтаган автобусга чиқиш учун ҳамма шошади.
Ўрта эшикдан замонавий кийинган, қулоқчинли хушбичим бир йигит йўл ҳақини тўламай тушди. Унинг ўзига ярашмаган бу иши назоратчилар билан суҳбатда ҳаммага маълум бўлди. Одам бундай вазиятда қай ҳолга тушади. Тўловни унутдим дейдими ёки одам кўп, ҳеч ким кўрмади деган хаёлга борганини айта оладими?
Аслида, шу арзимаган 2500 сўм пулни тўламасликнинг ортида қанчадан-қанча инсонларнинг ҳақи, улкан масъулият ва ҳар биримизнинг тарбиямиз ётганини шу йўловчи билармикан?
Биз кўпинча жамоат транспортининг камчиликларини гапирамиз. Аммо соҳанинг ривожланиши, энг аввало, мана шу арзимаган йўлкирани виждонан тўлашдан бошланишини унутиб қўямиз.
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш давлат муассасаси директор ўринбосари Абдувоҳид Худайбердиев тақдим этган маълумотларга эътибор қаратсак, бу фақат бир-икки йўловчининг эмас, минглаб одамларнинг кундалик одатига айланиб улгурганини кўрамиз.
Рақамларни шунчаки ўқиманг, уларнинг ортидаги манзарани тасаввур қилинг. Ўтган йилнинг 7 октябрдан шу йилнинг 13 ноябрга қадар йўл ҳақини тўламаган йўловчиларга нисбатан жами 173 331 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Бу рақамлар ҳар куни такрор-такрор қоидабузарлар сафи кенгаяётганининг далолатидир.
Қайд этилган 22 929 нафар шахс бу қоидабузарликни камида икки марта такрорлаган. Уларнинг 17 327 нафари икки марта, 4 033 нафари уч марта, 1 099 нафари тўрт марта чиптасиз юргани аниқланган. Энг ҳайратланарлиси, 470 нафар йўловчи беш ва ундан кўп марта қоидабузарликка қўл урган. Улардан 7 нафари ўн марта, 2 нафари эса ўн мартадан ҳам ортиқ автобусда йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланган.

Бир марта унутиш мумкин, икки марта шошилиб қолиш мумкин. Аммо ўн марталаб йўл ҳақини тўламаслик тасодиф эмас. Бу бировнинг ҳақидан, давлатнинг, демакки, халқнинг мулкидан тап тортмай фойдаланиш деганидир. Ҳисоб-китобларга кўра, фақатгина мана шу такрорий ҳуқуқбузарларнинг ўзи камида 53,7 мингта чиптасиз юриш ҳолатини содир этган.
Масаланинг энг оғриқли нуқтаси эса бу қоидабузарларнинг асосий қисми ёшлар содир этаётганида намоён бўлади. Эртага шу ёшлар катта ҳаётга қадам қўяди, масъулиятли лавозимларда ишлайди. Автобусда 2500 сўмни тўлаш масъулиятини ҳис қилмаган, виждони билан келиша олган ёш мутахассис, эртага қандай йўл тутади? Тарбиядаги кемтиклик шу арзимагандек кўринган майда ҳолатларда бўй кўрсатади.
Кузатишларга кўра, чиптасиз йўловчилар айниқса кечки тирбанд соатларда – одамлар ишдан қайтаётган, салон гавжум вақтларда кўпроқ учрамоқда. Одам кўплигидан фойдаланиб, “кўринмай кетишга” уриниш бу. Назорат ноябрь ойида ҳам сусайгани йўқ. Ойнинг дастлабки 13 кунида 12 мингдан ортиқ баённома расмийлаштирилган бўлса, биргина 13 ноябрь кунининг ўзида 1 173 та қоидабузарлик аниқланган.
– Назоратчилар фақатгина “чипта овчилари” эмас, – дейди Абдувоҳид Худойбердиев. – Улар бир кунда 25 тагача автобусни текшириб, йўл ҳақи билан бирга автобуснинг иситиш ёки совитиш тизими, салон тозалиги, ҳайдовчининг формаси ва овозли эълонларга ҳам эътибор қаратади. Текширув пайтида валидаторлар бир дақиқага блокланади. Бу назоратчини кўриб, кейин шошилинч тўлов қилиш ҳолатларининг олдини олиш учун жорий қилинган.
Албатта, ижобий томонлар ҳам йўқ эмас. Электрон тўловлар маданиятимизга шиддат билан кириб бормоқда. Хусусан, октябрь ойида автобусларда ташилган қарийб 38,5 миллион йўловчи тўловларининг 64,5 фоизи банк карталари орқали амалга оширилган.
Назорат кучайтирилган айрим йўналишларда ҳисобга олинган йўловчилар сони 2-10 фоизга ошган. Бу нима дегани? Агар ҳар бир йўловчи ўз вақтида тўлов қилса, тизимда йўловчиларнинг ҳақиқий сони аниқ кўринади ва шунга яраша йўналишларга қўшимча автобуслар чиқарилади. Келгусида бу жараёнга сунъий интеллект ҳам жалб қилиниши кутилмоқда. Аввалроқ хабар қилганимиздек, йўловчилар сонини амалга оширилган тўловлар билан автоматик таққослайдиган замонавий ечимлар дастлаб синовдан ўтказилиб, сўнг босқичма-босқич жорий этилади.
– Автобусга чиқиб, валидаторга картани теккизиш бир неча сониялик иш, – дея куюниб гапиради А.Худайбердиев. – Аммо 10 мартадан ортиқ чиптасиз юриш энди тасодифий “унутибман” деган ҳолатни оқламайди. Гувоҳи бўлаётганимиздек, айрим йўловчилар учун жарималар ҳали етарли сабоқ бўлмаётгандек туюлади. Бу, албатта, ачинарли ҳолат.
Сўзимиз бошидаги автобусдан тушган йигитни эсланг. У назоратчининг кўзини шамғалат қилар ёки охир-оқибат жаримани ҳам тўлар. Лекин ўз виждонидан, одамларнинг ҳақидан қочиб қутула оладими? Жамоат транспортининг чинакам ривожланиши ва автобусларимизнинг янги бўлиши осмондан тушмайди. Бу ривожланиш жараёни сиз билан бизнинг автобусга чиққанда тўлайдиган мана шу пулимиздан, қалбимиздаги ҳалолликдан бошланади.
Моҳичеҳра Эшмирзаева,
ЎзА мухбири