Виза режимининг соддалаштирилиши туризм соҳасида мисли кўрилмаган имкониятларни очди
Ҳозирги вақтда бутун дунёда, шунингдек, мамлакатимизда ҳам туризм соҳасига эътибор кучайиб бормоқда.
Инсонлар бўш вақтини самарали ўтказиб, дам олишга, соғлиғини тиклашга, бошқа халқларнинг урф-одатлари, қадриятларини билишга интилмоқда. Бундай хизматларни туризм соҳаси кўрсатади, албатта. Бугунги кунда замонавий туризмни ривожлантириш, юртимизга ташриф буюрувчи меҳмонларга қулайликлар яратиш мақсадида турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шулардан бири “визасиз режим”дир.
2021 йил 15 март ҳолатига кўра, фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасида визасиз режим жорий қилинган мамлакатлар сони 90 тани ташкил қилади.
Икки томонлама халқаро шартномалар ва тенглик асосида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) иштирокчилари учун, хусусан, 10 та давлат, Озарбайжон Республикаси, Грузия, Арманистон Республикаси, Беларусь Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Молдова Республикаси, Россия Федерацияси, Украина (чекланмаган), Қирғизистон Республикаси (60 кунгача) ва Тожикистон Республикаси (30 кунгача) билан икки томонлама визасиз режим ўрнатилган.
Визасиз режим санаб ўтилган мамлакатларнинг фуқароларига, уларнинг сафар мақсадларидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасига ташриф буюришни режалаштираётган барча тоифадаги паспорт (дипломатик, хизмат ва умумфуқаролик) эгаларига нисбатан қўлланилади.
Мамлакатга кириш учун шахс амалдаги миллий паспорт ёки хорижий мамлакатларга сафар вақтида қўлланиладиган, унинг ўрнида ўтадиган амал қилиш муддати камида 6 ойни ташкил қилиши керак бўлган бошқа ҳужжатга эга бўлиши керак.
30 кунлик ва 60 кунлик визасиз режим Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасини кесиб ўтган вақтдан бошлаб амалга киради ва унинг тугашига қадар хориж фуқароси мамлакатдан чиқиб кетиши керак.
16 ёшга тўлмаган хорижий фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасига визасиз кириши: бунда ушбу фуқаролар қонуний вакиллари ҳамроҳлигида бўлишлари ва биометрик ўтиш ҳужжатига эга бўлиши талаб этилади ва Ўзбекистон ҳудудида ҳамроҳ шахснинг визаси амал қилиш даврида, лекин 90 кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлиши мумкин.
Туризм соҳасини ислоҳ қилиш мамлакат иқтисодиётининг ривожланишини фаоллаштиради, минтақавий ресурслардан самарали фойдаланишга ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси ходимларининг малакасини оширишга ёрдам беради. Юқоридаги каби имтиёз ва енгилликлар юртимизга ташриф буюраётган меҳмонлар сони ошишига имконият яратади.
Файзулло Яҳёев, ЎзА