Ватанпарвар ёшлар – юрт таянчи!
Буюк Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги муносабати билан юртимизда ўтказилаётган “Амир Темур ойлиги” тадбирлари доирасида Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмда “Ватанпарварлар” ҳарбий спорт мусобақасининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ўқувчи ёшларни жисмонан чиниқтириш, ҳарбий соҳага бўлган қизиқиши, билим ва тушунчаларини, шунингдек, қалбларида Ватан ҳимояси, юртга муҳаббат ва садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш мақсадида умумтаълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчиларидан тузилган жамоалар иштирокида ўтказилган мусобақанинг вилоят босқичида туман, шаҳар босқичларида биринчи ўринни қўлга киритган жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун баҳс олиб борди.


Иштирокчи жамоалар мерганлик маҳорати, автоматни қисмларга бўлиш ва жамлаш, турникда тортилиш, ҳарбийлаштирилган эстафета, жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, сафда қўшиқ айтиш ҳамда “Темур тузуклари билимдони” каби шартлар асосида ўзларининг билим, маҳорат ва жисмоний тайёргарликларини синовдан ўтказди.

Якуний натижаларга кўра, Асака туманидаги 25-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. Убайдуллаев, ЎзА.