Ватанни севмоқлик имтиҳондир бу!
Сен деб яшамоқ...
Сен деб яшамоқ...
Сенинг бағрингдаги ҳар бир майсага,
Жойлай олмасам гар кўнгил боғимни.
Юрак ногоҳ яшамоқни қўйса-да,
Мен қўймасам ерда яшамоғимни.
Жасадимни кўмган тупроқ устини,
Гул бўлиб кўммаса менинг жасадим.
Жангларда жон берган содиқ дўстимни,
Гулдай йўқламасам, қилмасам ёдин.
Одамлар сўнгги бор хайр, деганда ҳам,
Шу сўзни лўғатдан мен ўчирмасам.
Тириклик имкони тугаганда ҳам,
Сен деб яшамоққа ичмасам қасам,
Мен
Сенинг
Фарзандинг
Эмасман
Ватан!
Гулинг бўлай қучоқларингда
Меҳрингга кун сайин қониб борарман,
Ватан, гулинг бўлай қучоқларингда.
Сеҳрингдан юрагим ёниб борарман,
Ватан, гулхан бўлай ўчоқларингда.
Изин суртай кўзларимга мардингни,
Бергил бир жонимга қирқта дардингни,
Ёвга раво кўрсам зарра гардингни,
Тилка-тилка бўлай пичоқларингда.
Хосиятинг бўлай, сўзинг бўлайин,
Насибаси бутун қизинг бўлайин,
Кўклардан тикилган кўзинг бўлайин,
Ёқутдай товланай мунчоқларингда.
Саратон куйдирса соя бўлайин,
Мардларинг суянса қоя бўлайин,
Эрк деган ўғлингга доя бўлайин,
Бахт бўлиб туғилай тўлғоқларингда.
Нур бўлиб кезайин кундузларингда,
Сув бўлиб сизайин илдизларингда,
Маржонлар тизайин юлдузларингдан,
Қирқта жоним учсин учоқларингда
Ватан олов бўлай ўчоқларингда.
Хосият БОБОМУРОДОВА, шоира