Ватан ҳимоячилари куни
Ватанимиз тарихидаги 14 январь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ватан ҳимоячилари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг мамлакат мустақиллигини ҳамда ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаётини ва мустақилликни мустаҳкамлаш йўлидаги бунёдкорлик меҳнатини ҳимоя қилишдаги, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги аҳамиятини, шунингдек Ўзбекистон ҳудудида жойлашган ҳарбий тузилмаларнинг 1992 йил 14 январдан республика юрисдиксиясига ўтказилганлигини инобатга олиб, 14 январь “Ватан ҳимоячилари куни” этиб белгиланди.
1405 йил (бундан 620 йил олдин) – Хитой юришига отланган Амир Темур Сирдарёнинг ўрта оқимида, унинг ўнг соҳилида жойлашган Ўтрор шаҳрига – ҳоким Бердибекнинг саройига етиб келди. Ўн бешинчи асрнинг нодир ёзма манбаларидан бири – Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида қайд этилишича, барча амирлар, шаҳзодалар, лашкарбошиларнинг ҳар бири алоҳида хоналарга жойлашдилар.
Ўша куни, соҳибқирон қўнган саройнинг хоналаридан бирида мўридан учқун чиқиб, ёнғин чиқди. Ёнғинни тезда ўчирдилар. Лекин кўпчиликнинг кўнглига ғулғула тушди. Ўша кунлар сарой аъёнлари ва Темурнинг яқинлари аллақандай ваҳимали тушлар кўришиб, уйқулари бузилди. Кўпчилик қандайдир бахтсизлик яқинлашаётганини ҳис қилгандек бўлди. Амир Темур Ўтрорда 35 кун турди.
1501 йил (бундан 524 йил олдин) – Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн Бойқаро қадрдон дўсти, улуғ шоир ва давлат арбоби Алишер Навоий хотирасига маърака ташкил этди. Мазкур маъракани тарихчи Ғиёсиддин Хондамир ўзининг “Макорим ул-ахлоқ” асарида қуйидагича баён этган:
“Ушбу ойнинг йигирма учинчисида, пайшанба куни (милодий 1501 йилнинг 14 январи куни) буюк машойихлар, олий мақомли саййидлар, олимлар, фозиллар, улуғлар, аъёнлар, асилзодалар ва жамоалар бошлиқлари Сарихиёбон даласига таклиф этилди. Соҳибқирон Султон (Ҳусайн Бойқаро)нинг ўзлари ҳам ташриф буюриб, ушбу йиғинни ўзларининг нурли иштироклари билан мунаввар айладилар.
Беҳисоб таомлар тортилиб, кечиримли Зотнинг каломидан тиловатлар қилингач, олий шаънли подшоҳнинг мулозимлари жаннат боғидан жой оладиган ул ҳазратнинг барча қариндошлари, яқин дўстлари ва мулозимларига қимматбаҳо тўнлар кийгизиб, уларни азадорлик кийимидан чиқардилар. Шундан сўнг [Соҳибқирон Султоннинг ўзлари] уларни ўз олдиларига чорлаб, подшоҳона илтифотлар ва шоҳона иноятларга умидвор қилдилар”.
1904 йил (бундан 121 йил олдин) – манзарачи рассом, рангтасвир устаси, Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоев таваллуд топди (вафоти 1974 йил). Манзара жанрининг маҳоратли устаси, бутун ҳаёти ва ижодий фаолиятини Ўзбекистон табиатини тасвирлашга бағишлаган Ўрол Тансиқбоев серқуёш ўлкамиз табиатини ўткир мўйқаламига таяниб санъаткорона тасвирлаши билан тасвирий санъат ривожига беназир ҳисса қўшган буюк рассомдир. У, вафотидан сўнг, 2001 йилда “Буюк хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1933 йил (бундан 92 йил олдин) – файласуф олима, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Матбуа Аҳмедова таваллуд топди. У 1985 йилда Тошкент маданият институти ректори, 1985–1987 йилларда Маданият вазири лавозимларида ишлаган.
1943 йил (бундан 82 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукумати ҳаракатдаги армиялар учун газета, журналлар ва китобларни бепул юбориш ҳақида қарор қабул қилди. Тарихчи Ҳакимали Азимовнинг қайд этишича, ушбу қарорда ҳаракатдаги армиялардаги ўзбек ҳарбий қисмларининг жангчиларига маданий-сиёсий жиҳатдан хизмат кўрсатиш мақсадида “Қизил Ўзбекистон” газетасидан йил давомида 13 минг нусхада 780 минг сўмга тенг миқдорда; “Правда Востока” газетасидан йил давомида 4 минг нусхада 240 минг сўмга тенг миқдорда; “Фото газета”дан йил давомида минг нусхада 24 минг сўмга тенг миқдорда ва китоблар, рисолалар ҳам йил давомида 300 минг сўмга тенг миқдорда етказиб бериш белгиланди. Буларнинг умумий ҳажми 1 миллион 344 минг сўмни ташкил этди.
1948 йил (бундан 77 йил олдин) – Ўзбекистон ҳукуматининг ўрта таълим муассасаларида ўрганилаётган Ғарбий Европа тилларини мақсадга мувофиқ тақсимлаш бўйича «Ўрта мактабларда чет тили ўқитишни яхшилаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга биноан, ишлаб чиқилган режа асосида 1952/1953 ўқув йилига қадар мактабларда 45 фоиз инглиз тили, 25 фоиз немис тили, 20 фоиз француз тили ўқитилиши ҳамда шу йилдан бошлаб испан тили ҳам киритилиши назарда тутилган.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ғарбий Африкада жойлашган Бенин Республикаси Ўзбекистон Республикаси мустақиллигини тан олди.
2019 йил (бундан 6 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Андижон-фарм» эркин иқтисодий зонасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг Навоий вилояти Нурота туманида қуввати 200 МВт, Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида қуввати 220 МВт, Сурхондарё вилояти Шеробод туманида қуввати 456,6 МВт, Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида қуввати 220 МВт бўлган фотоэлектр станциялари қурилишига оид қарорлари қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади