Ватан деб жон берган асл ўғлонлар...
9 май – Хотира ва қадрлаш куни. Ҳар йил бу кун арафасида она Ватан тинчлиги ва равнақи йўлида шаҳид бўлган ҳақиқий ўғлонлар ёдга олинади, абадий уйқуга кетган мардлар хотирасига қуръон тиловат қилиш, уларнинг қаҳрамонликларини келажак авлодга етказиш учун тадбирлар уюштирилади.
Умр йўлини Ватан равнақи, эл тинчлиги ва халқ фаровонлиги йўлида сафарбар этиб, она юрти олдида ўз фарзандлик бурчини бажариш чоғида шаҳид бўлганлар хотираси халқимиз қалбида мангу барҳаёт. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида хизмат қилган Амангелди Қдиров, Тимур Ордабаев, Икрам Матекеев ўз Ватани ва касбига садоқат билан хизмат қилиб, мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида ўз жонини қурбон қилган ҳақиқий Ватанпарвар фарзандлардир.
Қобилиятли, меҳнатсевар, ҳалол ва интизомли ходим, божхона хизмати майори Амангелди Қдиров Устюрт текислигида контрабанда ашёлари ва товар-моддий бойликлари ноқонуний равишда олиб ўтилишининг олдини олиш бўйича олиб борилган тезкор тадбир давомида хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча вафот этди. Халқимизни контрафакт маҳсулотлардан асраш, айланма йўллар орқали олиб кирилган сифати кафолатланмаган, божхона расмийлаштирувидан ўтказилмаган товар-моддий бойликларнинг йўлини тўсаман деб ўз жонини фидо қилди, Устюрт текислигидаги кимсасиз чўлу биёбонларда шаҳид кетди.
Она Ватани олдидаги ҳарбий қасамёди унинг учун ҳар нарсадан устун эди.
Мана шундай Ватанпарварлик ҳисси юксак, ҳарбийлик бурчига садоқати баланд бўлган инсондан тарбия олган фарзандлари учун отасининг умр йўли ҳақиқий ибрат намунаси эди.
Оиладаги кенжа фарзанд Улуғбек Шомуродов бугун отасининг изидан юриб, унинг касбини танлади. Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлида отасининг бошлаган ишларини давом эттиришни мақсад қилди.
Ёш, навқирон, ҳали 28га ҳам тўлмаган Тимур Ордабаев божхона органларида хизмат қилган 10 йил мобайнида ўзининг зийраклиги, масъулиятлилиги ҳамда синчковлиги билан тенгдош ҳамкасбларидан ажралиб турарди. Божхона хизмати капитани Тимур Ордабаев касбига, божхоначи ҳарбий қасамёдига бўлган садоқати, Ватанимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги хизмат вазифаларини бажариш вақтида ҳалок бўлди.
Қорақалпоқ заминида яна битта навқирон ўғлон – Икрам Матекеев касби, бурчига садоқат билан хизмат вазифаларини бажариш чоғида ҳалок бўлди. Оққўнгил ва матонатли инсон, масъулиятли, ҳалол ходим. У умрининг сўнгги дақиқаларигача Она Ватанига, божхоначи қасамёдига содиқ қолиб, ўз халқига мардонавор хизмат қилди. Хизмат фаолияти давомида Ватанимиз сарҳадларида сергак туриб, давлатимизнинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш, контрабанда товарларининг олиб ўтилиши ва божхона қонунбузилишларига қарши курашишда муносиб ҳисса қўшди, юзлаб автотранспорт воситаларини божхона кузатувига олиб, уларга ортилган товарларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлади, ўз касбий бурчларини ҳамиша сидқидилдан бажарди.
Она Ватанига кўрсатган жасоратини келажак авлодга етказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси олдидаги хотира майдонида Амангелди Кдиров, Тимур Ордабаев ҳамда Икрам Матекеевнинг исмлари ўйиб ёзилган.
Ўз юртига содиқ ва фидоий хизмат қилган, халқининг тинч-тотувликда умр кечириши учун жон фидо қилган буюк инсонларнинг хотираси мангу яшайди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА