Вашингтонда Америка–Канада ўзбек юристлари ассоциацияси таъсис этилди
Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги элчихонасида Америка–Канада ўзбек юристлари ассоциацияси (ACULA)нинг таъсис қурултойи бўлиб ўтди. Эътиборли жиҳати, мазкур йиғин АҚШ ва Канадада фаолият юритаётган ўзбек ҳуқуқшуносларини ягона касбий ташкилот атрофида бирлаштириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Тузилманинг асосий мақсади – хориждаги ватандош ҳуқуқшунослар ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш ҳамда Ўзбекистон билан АҚШ ва Канада ўртасидаги ҳуқуқий ва академик алоқаларни ривожлантиришдан иборат.

Қурултойда ташкилот фаолиятининг устувор йўналишлари ва истиқболдаги режалари муҳокама қилинди. Хусусан, мунтазам касбий учрашувлар, семинар ва ўқув машғулотлари ташкил этиш, ёш ҳуқуқшунослар учун менторлик дастурларини йўлга қўйиш, шунингдек, Ўзбекистондаги юридик таълим ва илмий муассасалар билан қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъсис қурултойи доирасида ассоциация раҳбарияти ҳам шакллантирилди. Яқинда етти нафар номзод иштирокида ўтказилган сайловда 44 фоиз овоз тўплаган ҳуқуқшунос Эркинбой Абдуллаев ACULA президенти этиб сайланди.Шунингдек, президент тавсиясига асосан,директорлар кенгаши томонидан Канадада истиқомат қилаётган ҳуқуқшунос Раҳмаджон Собиров ассоциация вице-президенти лавозимига тасдиқланди.
Таъкидлаш жоиз, ACULAнинг ташкил этилиши хориждаги ўзбек ҳуқуқшуносларининг касбий салоҳиятини бирлаштириш, ёш кадрлар учун янги имкониятлар яратиш ҳамда халқаро ҳуқуқий ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
ЎзА