Вақтинча сулҳ: геосиёсий танглик ортидаги режалар (+видео)
Яқин Шарқда эълон қилинган навбатдаги вақтинча сулҳ халқаро сиёсий кун тартиби марказига чиқди. Бир қарашда бу қарор кескинликни юмшатишга қаратилгандек туюлса-да, амалда минтақадаги йирик кучлар ўртасидаги мураккаб геосиёсий ҳисоб-китобнинг бир қисми сифатида баҳоланмоқда.
Сўнгги воқеалар, хусусан ҳарбий фаоллик ва кескин баёнотлар асносида мазкур сулҳ кўпроқ вақтдан ютиш воситаси сифатида талқин қилинмоқда.
АҚШ, Эрон ва Исроил ушбу жараёнда ўз стратегик манфаатини мустаҳкамлашга интилмоқда. Айрим экспертлар фикрича, сулҳ томонларга ресурсларни қайта сафарбар қилиш, дипломатияни кучайтириш ва ички босимни юмшатиш имконини беради. Айни пайт ахборот майдонидаги кураш ҳам кучайиб, ҳар бир томон ўз нуқтаи назарини глобал аудиторияга етказишга ҳаракат қилмоқда.
Шу нуқтаи назардан бу галги эҳтимолий келишув узоқ муддатли тинчликка олиб келиши шубҳа остида қолган. Агар хавфсизлик, ҳудудий даъволар ва геосиёсий рақобат каби асосий зиддиятлар бартараф этилмаса, ҳар қандай сулҳ фақат қисқа муддатли “нафас ростлаш” даври бўлиб қолиши мумкин. Демак, минтақада барқарор тинчликка эришиш изчил ва кўп томонлама ёндашув талаб қилади.
ЎзА мухбири ушбу долзарб мавзу юзасидан сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев билан суҳбат қилди. Эксперт таъкидлашича, бу сулҳни мутлақ тинчлик деб баҳолашга тўғри эмас, чунки айни жараён кўпроқ стратегик қайта жойлашувнинг бир қисми сифатида намоён бўлмоқда. Яъни, вазиятнинг кейинги ривожи томонлар сиёсий иродаси ва халқаро воситачилик механизми самарадорлигига бевосита боғлиқ.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Q9HfFStaooI" title="Vaqtinchalik sulh: geosiyosiy tanglik ortidagi yashirin ssenariylar" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Мусулмон Зиё,
Ойбек Давронов (видео), ЎзА