Узумчилик соҳасини ривожлантириш кони фойда (+видео)
Ҳар бир давлатнинг ташриф қоғози бўлади. Қайсидир мамлакатда қадимий обидалар, қайсиларида агротуризм, қишлоқ хўжалиги ёки тансиқ таомлари. Хуллас ана шу каби омиллардан бири бўлса бас, у мамлакатда туризм драйвер тармоққа айланиши мумкин. Хўш, биздачи? Бизда замонавий туризмга мос келадиган барча имкониятлар мавжуд.
Масалан, агротуризм имкониятлари кўпгина ҳудудларимизда юқори. Ўзбекистоннинг қуёшли ўлкасида етиштирилган сархил мева-сабзавотларнинг ноёб мазаси, софлигини, биотехнологиялар асосида парвариш қилинишини хорижликларнинг кўпчилиги билади.
Узумчилик. Юртимизда қишлоқ хўжалигининг ушбу сердаромад соҳасининг имкониятлари ҳам кенг. Барча вилоятларимизда узумзорлар мавжуд. Республика бўйича ўртача 137 минг гектар узумзорларимиз бор ва уларнинг аксарият қисми хўраки ҳисобланади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг “2023 — 2026 йилларда узумчилик ва виночилик соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан сўнг соҳага эътибор янада кучайди. Эндиликда ушбу сердаромад тармоқни илмий жиҳатдан ривожлантириш босқичига ўтилди.
Жумладан, 2025 йилда академик Маҳмуд Мирзаев номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институтида Жаҳон банки кўмагида виночилик илмий-ишлаб чиқариш лабораторияси ташкил этилди. Қисқа вақт ичида муассаса соҳа учун кўплаб илмий-тадқиқотлар ишлаб чиқди ва илм билан амалиёт ўртасида узвий ҳамкорлик янада кучайди.
Институтда илмий изланишлар узум етиштиришдан бошлаб, тайёр маҳсулотни шишаларга қуйишгача бўлган барча босқичларни қамраб олиб, ичимликнинг кимёвий таркиби ва микробиологик барқарорлигини чуқур ўрганишга қаратилган. Узумчилик соҳасини ривожлантириш мақсадида қилинган янги ишланмалар хусусида институтнинг катта илмий ходими Шуҳрат Аҳмедов билан суҳбатлашдик.
- Узумни қайта ишлаш билан боғлиқ институт олимлари томонидан қандай илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда?
- Институтда оқ ва қизил виноларни ишлаб чиқариш технологиялари чуқур ўрганилмоқда. Хусусан, оқ виноларни тўғридан-тўғри ферментация қилиш орқали олиш, қизил виноларни эса мезга билан биргаликда ачитиш (мацерация) жараёнини такомиллаштириш бўйича илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Бу жараёнлар ичимликнинг ранги, таъми ва органолептик хусусиятларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Ачитиш жараёни институт лабораторияларида алоҳида илмий йўналиш сифатида тадқиқ этилмоқда. “Saccharomyces” туркумига мансуб ачитқилар фаолиятини бошқариш, ферментация жараёнида ҳарорат режимини оптималлаштириш ҳамда хушбўй моддаларни сақлаб қолиш бўйича илғор усуллар ишлаб чиқилмоқда. Ферментациядан кейинги босқичларда эса маҳсулотни тиндириш, чўкмалардан ажратиш ва фильтрация қилиш орқали юқори даражадаги шаффофликка эришиш таъминланади.
Шу билан бирга, винонинг пишиб етилиши ва сақланиши жараёнлари ҳам институтда илмий асосда ўрганилмоқда. Эман бочкаларда сақлаш, шиша идишларда етилтириш каби усулларнинг маҳсулот сифатига таъсири таҳлил қилиб, оптимал технологиялар таклиф этиляпти. Бугунги кунда институтда совуқ ҳолда стериллаш, вакуум остида концентрлаш ва замонавий микробиологик назорат усуллари каби инновацион технологияларни жорий этиш орқали барқарор ва юқори сифатли вино маҳсулотлари яратишга эришилмоқда. (давоми видеода)
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/xvtz5e2r-BQ?si=LPNGm5AqqXeS1X4S" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Санжар Тошпўлатов, Нишонбой Абдувойитов, Салим Обиджонов (видео), ЎзА