Уйдан чиқар тонгни етаклаб...
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, устоз журналист, публицист Сайди Умиров 82 ёшида вафот этди.
Сайди Умиров 1938 йил 10 февралда Самарқанд вилояти Паяриқ туманида туғилган. У Ёзувчилар, Журналистлар ижодий уюшмалари аъзоси, «Олтин қалам» миллий мукофоти совриндори эди.
Ижодкорнинг ёрқин хотираси қалбларимизда мангу яшайди.
ЗАВҚ
Сайди Умировга
Сайди ака дарёга ўхшар
Гоҳо сокин, гоҳо мавж урган.
Кўзи бола кўзидай яшнар,
О, бу кўзлар неларни кўрган.
Ҳар кун кўнгли гулдай куртаклаб,
Бу дунёга саломлар айтар.
Уйдан чиқар тонгни етаклаб,
Уйга шомни етаклаб қайтар.
Саксон ёзи, саксон баҳори
Гуллаб ётар яхши ниятдан.
Зарур бўлса самимиятга
Дарс берар у самимиятдан.
Саксон қиши, саксонта кузи
Юрагидан олган андоза.
Табиатан бу одам ўзи
Табиатнинг ўзидай тоза.
Гоҳ ибодат, гоҳида ўлан,
Завқ-шавқига йўқдир ниҳоя.
Кўнглидаги болалик билан
У ҳаётни қилар ҳимоя.
2018 йил
Эшқобил Шукур