«Уйчи парранда»да йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида «Уйчи парранда» масъулияти чекланган жамияти томонидан замонавий паррандачиликни ривожлантиришга қаратилган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.
121 гектар майдонда барпо этилган лойиҳа тижорат банкининг 50 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобига молиялаштирилган. Корхонада Венгриянинг «Aviagen» компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли парранда интенсив технологиялар асосида парваришланмоқда.
Корхонада кунига ўртача 60 минг дона юқори сифатли тухум ишлаб чиқарилиб, инкубация жараёни орқали 50 минг бош жўжа етиштириш қуввати яратилган. Бу республикада паррандачиликнинг наслчилик базасини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Гўшт етиштириш йўналишида ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45–50 кун давомида парваришланади. Ҳар бир ишлаб чиқариш циклида ўртача 120 тонна парранда гўшти тайёр маҳсулот сифатида ишлаб чиқарилмоқда.
[gallery-30378]
Лойиҳа ички бозорни парранда гўшти ва тухум маҳсулотлари билан таъминлаш, импорт ўрнини босиш ҳамда янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда корхона маҳсулотлари Афғонистон ва Тожикистонга экспорт қилинмоқда. Келгусида Европа мамлакатлари бозорига чиқиш режалаштирилган.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА