Уй-жой сиёсатида замонавий ёндашувлар ва халқаро ҳамкорлик
Иқтисодиёт ва молия вазирлигида шаҳарлашиш жараёнлари ҳамда уй-жой секторини ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиздаги тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, шунингдек, БМТ-Хабитатнинг Шарқий Европа бўйича минтақалараро маслаҳатчиси Катя Шафер, уй-жой ва шаҳарсозлик масалалари бўйича эксперт Каролина Гулордава иштирок этди.
Тадбир давомида шаҳарларни барқарор ривожлантириш, аҳолини муносиб уй-жой билан таъминлаш, замонавий шаҳарсозлик ёндашувларини кенг жорий этиш ва халқаро тажрибани миллий амалиётга татбиқ этиш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Шунингдек, БМТ-Хабитат кўмагида Самарқанд шаҳрида амалга оширилаётган пилот лойиҳанинг жорий ҳолати юзасидан тақдимот ўтказилди. Лойиҳа доирасида шаҳар ҳудудларини самарали режалаштириш, инфратузилмани такомиллаштириш, аҳоли эҳтиёжларига мос яшаш муҳитини шакллантириш ва барқарор шаҳарсозлик тамойилларини амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Муҳокамалар давомида аҳоли сонининг ўсиши ва иқтисодий ислоҳотлар шароитида энергия тежамкор ва замонавий уй-жойлар фондини кенгайтириш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш, ижтимоий инклюзивликни таъминлаш ҳамда ҳудудларни комплекс ривожлантириш устувор вазифалардан экани айтиб ўтилди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда уй-жой сиёсати фақат турар жойлар қуриш билан чекланмайди. У инсонлар учун хавфсиз, қулай ва барқарор шаҳар муҳитини яратиш, сифатли инфратузилма ва ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, экологик барқарорликни таъминлаш каби йўналишларни ҳам қамраб олади. Шу нуқтаи назардан, шаҳарларни режали ривожлантириш ва халқаро тажрибаларни кенг жорий этиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Тадбир якунида уй-жой масаласи аҳоли турмуш сифатини юксалтириш, оилалар фаровонлигини таъминлаш ва барқарор шаҳар муҳитини шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири экани таъкидланди. Шунингдек, мазкур мулоқот давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шаҳар ва ҳудудларни замонавий, қулай ҳамда инклюзив ривожлантиришга қаратилган янги ташаббусларни амалга ошириш учун муҳим майдон вазифасини ўташи қайд этилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА