Уй бекалари ва расмий ишламайдиган аёллар ҳам декрет пули олишлари мумкин
Ўзбекистонда жорий этилган янги тартибга кўра, эндиликда расмий иш жойига эга бўлмаган фуқаролар ихтиёрий ижтимоий суғурта бадалини тўлаш орқали ушбу имкониятдан фойдалана олади.
Энг муҳими, бунинг учун бирор-бир суғурта идораси ёки банкка бориш шарт эмас — барча жараёнлар “Baraka” мобил иловаси орқали онлайн тарзда амалга оширилади.
Қуйида ушбу тизимнинг тартиб-қоидалари ва муҳим шартлари билан танишишингиз мумкин:
Декрет пули олишнинг асосий шартлари
Агар аёл киши расмий иш жойига эга бўлмаса, нафақа олиш учун қуйидаги икки шартдан бири бажарилиши керак:
Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб, ихтиёрий ижтимоий суғурта бадалларини тўлаб бориши;
Аёл умуман ишламаган тақдирда, унинг учун турмуш ўртоғи ихтиёрий ижтимоий суғурта бадалларини тўлаб келиши лозим. Муҳим муддат: Декрет пулига эга бўлиш учун ихтиёрий суғурта бадаллари камида 10 ой давомида тўланган бўлиши, шундан охирги 6 ойи эса узлуксиз бўлиши шарт.
Бадал ва нафақа миқдорлари қанча?
Энг кам ойлик бадал миқдори: Меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори (МҲТЭКМ)нинг 5 фоизини, яъни ҳозирги кунда 63 550 сўмни ташкил этади.
Максимал нафақа миқдори: Тайинланадиган декрет пули МҲТЭКМнинг 5 бараваридан ошмайди. Ҳозирги кунда ушбу маблағ 6 355 000 сўмга тенг. (Бадаллар қанчалик мунтазам ва узоқ тўланса, нафақа миқдори ҳам шунга яраша юқори бўлади).
Нафақани қандай қабул қилиб олиш мумкин?
Агар сизда ҳали “Baraka” ижтимоий картаси бўлмаса, хавотирланишга ҳожат йўқ. Нафақа тайинланган вақтда мобил илова орқали сиз учун автоматик равишда виртуал ижтимоий карта очилади ва маблағ тўғридан-тўғри шу картага ўтказиб берилади.
Жараён жуда оддий:
“Baraka” мобил иловасини телефонингизга юклаб олинг;
Иловадаги “Ижтимоий суғурта” бўлимига ўтинг;
Ихтиёрий бадални бир неча сония ичида онлайн тўланг.
Бу борада қўшимча маълумот учун 1070 (Қўллаб-қувватлаш маркази)га мурожаат этиш мумкин.
Умуман олганда, янги давлат ижтимоий суғуртаси тизими фарзандли бўлиш даврида аёлларнинг ижтимоий ва молиявий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган муҳим механизмлардан биридир. Расмий иш жойига эга бўлмаган аёллар учун ҳам ихтиёрий суғуртага қўшилиш имконияти яратилгани эса ижтимоий ҳимоя доирасини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
Н.Усмонова тайёрлади, ЎзА