US Open: Ўзбекистон тенниси тарихида янги рекорд қайд этилиши мумкин
Теннис бўйича АҚШ очиқ чемпионатида Ўзбекистон шарафини бир вақтнинг ўзида уч нафар аёл теннисчи ҳимоя қилиши мумкин.
Бу мамлакатимиз тенниси тарихидаги янги рекорд бўлади.
Камилла Раҳимова ва Мария Тимофеева “US Open-2026” мусобақасининг асосий тўрига тўғридан-тўғри йўл олди. Ҳозирда WTA рейтингида Раҳимова 78-, Тимофеева эса 84-ўринда бормоқда. Полина Кудерметова эса мусобақани саралаш босқичидан бошлайди. 111-рақамли теннисчимиз саралашдан муваффақиятли ўтса, асосий тўрдаги ҳамюртларимиз сафига қўшилади.
Кудерметова ҳам асосий босқичга чиқса, Ўзбекистон аёллар тенниси «Катта дубулға» мусобақаларида илк бор бир вақтнинг ўзида уч нафар вакил билан иштирок этади.
“US Open-2026” 23 августдан 13 сентябрга қадар Нью-Йоркда бўлиб ўтади. Мусобақанинг умумий мукофот жамғармаси 108 миллион долларни ташкил этади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА