Уруш фахрийсидан хабар олинди
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг шонли 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрами муносабати билан ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ходимлари, депутатлар ва партия фаоллари иккинчи жаҳон уруши фахрийси Қадирбай Нарманов хонадонида бўлди.
Дарҳақиқат, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати қадрланадиган мамлакатимизда эл-юртимизнинг фаровон ҳаёти ва тинчлиги учун ҳисса қўшган муҳтарам нуронийларимиз доимо эъзозланиб, уларга алоҳида эътибор кўрсатиб келинмоқда.
Қадирбай Нарманов ватан озодлиги йўлидаги хизматлари, урушдан кейинги меҳнат фаолияти тўғрисида гапириб берди. Бугунги дориламон кунларга шукрона айтиб, энди ҳеч қачон уруш бўлмасин, дея дуо қилди. Тинчлик нақадар улуғ неъмат эканлиги, уни англамоқ ва қадрламоқ кераклигини таъкидлаб ўтди.
Ташриф самимий суҳбат ва хотиралар билан давом этди. Байрам муносабати билан отахонга совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири