Урал Юсупов: Қора ва рангли металл бозорида янги тартиб жорий этилмоқда (+видео)
Мамлакатимизда саноатни ривожлантириш ва иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш жараёнида қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини қайта ишлаш соҳаси муҳим ўрин тутади. Ушбу йўналиш нафақат саноат корхоналарини хомашё билан таъминлайди, балки ресурслардан самарали фойдаланиш, импортни қисқартириш ва экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Сўнгги йилларда соҳада хусусий сектор иштироки кенгайиб, рақобат муҳити шаклланмоқда. Шу билан бирга, бозорни тартибга солиш, сифат ва хавфсизлик талабларини таъминлаш, шунингдек, ноқонуний фаолиятларнинг олдини олиш масалалари долзарб бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан, қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш тартибининг жорий этилиши соҳани янада тизимли ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади.
Тоғ-кон саноати ва геология вазири ўринбосари Урал Юсупов билан суҳбатимиз соҳа ривожидаги янги тартиб ва талаблар хусусида бўлди.
– Бугунги кунда қора ва рангли металл соҳасини ривожлантириш бўйича қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?
–Албатта, бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2026 йил 16 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Яқинда вазирликда қора ва рангли металл парчаларини йиғувчи ҳамда қайта ишловчи тадбиркорлик субъектлари билан ўтказилган очиқ мулоқотда мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятини тўғри тушунтириш ва уни амалиётга жорий этиш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Маълумки, Президентимизнинг 2024 йил 3 июндаги 85-сонли фармони билан Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши муносабати билан мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу ташкилот нормаларига мувофиқлаштириш кўзда тутилган. Ушбу фармонда қора ва рангли металл парчаларини йиғиш ва қайта ишлаш бўйича лицензия тартибини жорий қилиш ҳамда давлат корхоналарига берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилган эди.
Шу боис, юқори органлар ва вазирликлар билан келишилган ҳолда мазкур қарор қабул қилинди ва уни ишлаб чиқишга зарурат мавжуд эди.
– Янги лицензиялаш тартиби соҳада қандай ўзгаришларни олиб келади?
– 2026 йил 16 апрелдаги қарорга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги 80-сон қарорига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, қора ва рангли металл парча ҳамда чиқиндиларини тайёрлаш, қайта ишлаш ва реализация қилиш фаолиятини лицензиялаш бўйича паспортлар тасдиқланди. Ушбу тартиб 2026 йил 20 июлдан кучга киради. Унда лицензияланадиган фаолият турлари, лицензия олиш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар, аризаларни кўриб чиқиш муддатлари, шунингдек лицензия талаблари ва шартлари белгилаб қўйилган.
Қарорга мувофиқ, қора ва рангли металл парчаларини йиғиш фаолияти бўйича лицензия бериш жараёнида келишувчи ваколатли органлар сифатида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси белгиланган. Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги эса лицензия берувчи асосий орган ҳисобланади.
Шунингдек, тадбиркорлар учун ҳам аниқ талаблар жорий этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан металлни қайта ишлаш ва ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарда сифатни текшириш учун лабораториялар мавжуд бўлиши талаби қўйилмоқда. Ушбу чоралар бозорни тартибга солиш, маҳсулот сифати назоратини кучайтириш ҳамда соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Тадбиркорлар лицензия олиш учун ўз корхоналарини белгиланган талаблар асосида ташкил этади, моддий-техника базасини шакллантиради, зарур ускуналар билан жиҳозланади ва малакали мутахассислар билан таъминланади.
Шу билан бирга, лицензия берувчи вазирлик ва идоралар “Лицензия” ахборот тизимини Ягона интерактив давлат хизматлари портали билан интеграция қилади. Бу тизим тўлиқ шаффоф бўлади ва лицензия металл йиғувчиларга ҳамда қайта ишловчиларга алоҳида берилади.
– Қора ва рангли металл соҳасининг бугунги ҳолати ва ўсиш суръатлари қандай?
– Рақамлар соҳада жиддий ўсишни кўрсатади. Масалан, 2017 йилда мамлакатимизда 1,7 миллион тонна қора металл маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2025 йилга келиб бу кўрсаткич 3,5 миллион тоннага етди.
Эътиборли жиҳати, 2017 йилда “Ўзметкомбинат”нинг улуши 90 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда у 20 фоизни ташкил этади, қолган қисми эса хусусий тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келади. Бу бозорнинг либераллашганини англатади.
Шунингдек, 2017 йилда катта металл эритадиган печларга эга 20 та тадбиркор фаолият кўрсатган бўлса, ҳозир уларнинг сони 103 тага етди. Бу беш баробар ўсишдир.
2030 йилга келиб маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 8 миллион тоннага етказиш режалаштирилган. Ички бозор ҳажми 6,7 миллион тоннани ташкил этиб, қўшимча 1 миллион тонна экспорт қилиш имконияти яратилади.
Ҳисоб-китобларга кўра, 150 тага яқин йирик корхона вужудга келади ва Ўзбекистон қора металлургия бўйича ўз эҳтиёжларини тўлиқ қоплайди. Ҳозирги кунда темир маҳсулотларидан қўшимча маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган 1300 та корхона фаолият юритмоқда. 2030 йилга бориб уларнинг сони 2000 тадан ошади. Бу эса янги иш ўринлари яратилиши ва ялпи ички маҳсулот ўсишига ижобий таъсир кўрсатади
Айтиш жоизки, қора ва рангли металл парчалари ҳамда чиқиндиларини лицензиялаш тартибининг жорий этилиши соҳани мутлақо янги босқичга олиб чиқади. Бу орқали бозорда шаффофлик, қонунийлик ва соғлом рақобат муҳити таъминланиб, хусусий сектор иштирокини янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратилади.
Энг муҳими, мазкур ислоҳотлар мамлакатимиз саноат салоҳиятини ошириш, ички бозор эҳтиёжини тўлиқ қоплаш, экспорт имкониятларини кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилади. 2030 йилга мўлжалланган улкан режалар эса ушбу соҳанинг иқтисодиётимиздаги стратегик аҳамияти тобора ортиб бораётганини яққол намоён этмоқда.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/DqHIjEUwpy0" title="Ural Yusupov: Qora va rangli metall bozoridayangi tartib joriy etilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева суҳбатлашди.