Университетда “XONATLAS” фестивали
Атлас матолари ўзининг турфалиги, гўзаллиги, қадимийлиги ва бетакрорлиги билан неча асрлардан бери дунё аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Бундай матонинг ватани – Ўзбекистон. Хонатлас эса бу турдаги матоларнинг энг қимматбаҳоси ҳисобланади. У ёрқин рангларда табиат жилосини, гуллар тасвирини ўзида мужассам этиши билан барчанинг кўзини қувнатади.
Юртимизнинг барча гўшаларида бўлгани каби Наманган давлат университетида ҳам “XONATLAS” миллий фестивали кўтаринки руҳда ўтказилди. Фестивалда миллий либослар воситасида халқимизнинг асрларга туташ бўлган ўтмиши, урф-одати ва анъаналари, диди, эстетик қарашлари, ўзига хос хусусиятлари мужассамлигини намойиш этишдек эзгу мақсад назарда тутилди. Олий ўқув юрти ҳовлиси хонатлас, адрас либосларидаги талаба-қизлар, педагог-ўқитувчи аёллар билан ўзгача қиёфа касб этди. Бу гўзаллик қалбларни тўлқинлантирди, дилларни яйратди. Миллий оҳангдаги мусиқа садолари ва қўшиқлар эса бундай гўзаллик ва бетакрорликни янада тўлдирди.

Мактабгача, бошланғич таълим ва жисмоний маданият факультети томонидан ташкил этилган тадбир талабалар томонидан ижро этилган шўх куй-қўшиқлар, рақслар, саҳна кўринишлари ва спорт кўргазмалари билан янада байрамона тус олди. Чинакам гўзаллик ва миллий колорит уйғунлашган кўргазмада дизайнерлар томонидан тикилган кўплаб либослар намойиш этилди. Шу ўринда таъкидлаш ўринлики, давр қанчалар глобаллашиб, урфлар ўрин алмашмасин, атлас, адрас ва хонатласдан тикилган либослар ўз қиймати ва қадрини йўқотмайди. Бугунги кунда бир қатор Европа давлатлари, хусусан, АҚШ ҳамда италиялик дизайнер ва модельерлар ушбу матога ўз коллекцияларида такрор ва такрор мурожаат этмоқдалар.

Англаш мумкинки, аждодларимиз юксак тафаккури, нозик диди, бебаҳо ҳунари туфайли яратилган бундай миллий матоларимиз нафақат заковат ва салоҳиятимиз кўзгуси, балки миллий ғуруримиз ифодасига ҳам айланиб улгурди.

– Миллийлигимизни, маънавиятимизнинг бебаҳо қирраларини асл ҳолича асраш биз педагоглар, таълим муассасалари вакиллари олдига муҳим вазифаларни қўяди, – дейди Наманган давлат университети биринчи проректори Наримон Деҳқонов. – Бугун дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторидан жой олишга интилар эканмиз, бу жараёнда миллийлигимизни, ўзлигимизни, аждодлар меросига ҳурмат ҳиссини сақлаб қолмоғимиз шарт. Бу борада эса бугунгидек фестиваллар катта аҳамият касб этади.
“XONATLAS” миллий фестивали ёшларнинг фаол иштирокида ўтди. Бу каби тадбирлар талабалар ўртасида ўзликни англаш, миллий қадриятларимизга ҳурмат ҳиссини кучайтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Оқилхон Дадабоев,
ЎзА мухбири.