Университетда “Туркия маданияти кунлари” бўлиб ўтди
Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги маънавий-маърифий, маданий алоқалар узоқ тарихга эга. Турк ва Ўзбек халқи қон-қондош, дини, тили, маданияти бир-бирига яқин бўлган халқлардир. Ҳамиша бир-бирига дастак бўлиб келган миллатлардир.
Тошкент давлат шарқшунослик университетида узоқ йиллардан бери турк тили ва адабиёти, Туркия иқтисоди, сиёсати ва маданияти ўқитилмоқда. Шу боис университетда Туркия маданияти кунлари мунтазам ташкил этилади. Бу гал ҳам Туркиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида "Туркия маданияти кунлари" ўтказилди. Университет санъат саройи, кириш йўлаклари ва фаеси Туркияга оид безаклар билан безатилди.

Мазкур тадбирга Туркиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар, элчихона вакиллари ва Ўзбекистондаги ТИКА ташкилоти раҳбари Жамалеттин Туней ташриф буюрди. Туркшунослик факултетининг икки талабаси аъло ўқишлари ва илм-фандаги муваффаққиятлари учун ректор стипендиясига лойиқ топилди. Уларга стипендия соҳиби гувоҳномаси берилди.
Меҳмонларга турк миллий таомларидан “sarma ”, “içli köfte”, “sigara böreği”, “baklava”, “tulumba tatlısı” тортиқ этилди. Тадбир давомида туркиялик тадбиркорлар ўзбекистонда нима ишлар билан шуғулланади, қайси йўналишда фаолият юритади, таржимонлик қиладиган талабаларга қўйиладиган талаблар ҳақида сўз борди.

Бу каби тадбирларни ташкил этишдан мақсад, икки халқ, икки миллатнинг бир-бири билан яқин бўлишига эришиш, икки давлатнинг урф-одати ва маданиятларини намойиш этишдир.
Тадбир давомида куй-қўшиқлар ижро этилди.
Садаф Шабанова,
ТДШУ ўқитувчиси.
ЎзА