Улуғ адибнинг талабалар ҳаётидаги ўрни
Мақсуд Шайхзода ўзбек адабиёти мақомини юксалтириб турган кўплаб улуғ адиблар қаторида муносиб ўрин тутади.
Ижодкор таржима жараёнида қардош халқлар ва жаҳон адабиёти намоёндаларининг маҳорат мактабидан таълим олиб, илғор анъаналарини ўзида мужассамлаштирган шеърлар ёзган. Манбаларга кўра, шоир уруш йилларида ҳам самарали ижод қилади.
Урушнинг биринчи кунлариданоқ жанг қаҳрамонларини улуғловчи, фронт орқасидаги одамларнинг фидокорона меҳнатини ифодаловчи «Кураш нечун», «Жанг ва қўшиқ», «Капитан Гастелло», «Кўнгил дейдики…” каби шеърий тўпламлари, «Жалолиддин Мангуберди» тарихий драмаси ва бошқа қатор публицистик асарларни яратди.

Урушдан кейин шоир Ватанимиз бўйлаб кенг қулоч ёзган зафарли меҳнат, тинчлик учун кураш ҳақида «Ўн беш йилнинг дафтари», «Олқишларим», «Замон торлари», «Шуъла», «Чорак аср девони» каби шеърий тўпламларини яратди.
Бугунги кунда Адиблар хиёбонининг ташкил этилиши ва ўзбек адабиётининг буюк адибларига ҳайкал қўйилиб, уларнинг ижоди кенг миқёсда чуқур ўрганилиши ҳам мамлакатимизда адабиёт, маданият ва санъат соҳасига кўрсатилаётган юксак эътиборнинг ёрқин ифодасидир.
Бу борадаги ислоҳотлар Тошкент давлат транспорт университети жамоасини ҳам четлаб ўтмади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан университетга Мақсуд Шайхзоданинг ҳаёт ва ижод йўлини чуқур ўрганиб, кенг татбиқ этиш вазифаси топширилди.

Университет талабалари ўртасида шоир ҳаёти ва ижодига оид давра суҳбатлари, турли танлов, викториналар, мушоиралар ўтказиляпти. Хусусан, университет томонидан Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда Мақсуд Шайхзода адабий ва илмий меросини ўрганишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Шунингдек, талабаларнинг адиб ҳаёти ва ижодини кенг ўрганишга қаратилган иншолар танлови ўтказилди.
Адиб ижодига бағишланган махсус веб-сайт ва университетнинг махсус сайтида шоир ижодига бағишланган бўлим ташкил этилди. Ахборот-ресурс марказида адибнинг ўқув зали ва экспозицияси муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ижодкорлар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар учун Мақсуд Шайхзода номидаги махсус стипендия, кўкрак нишони соҳибларини саралаш ишлари давом этмоқда.
Дилшод Раҳматов,
Тошкент давлат транспорт университети матбуот котиби.