Учрашувга ёшларни ўйлантираётган масалалар ва уларнинг ташаббуслари асос бўлди
Мирзаобод туманидаги Сафарбарлик чақирув резерви батальонида ёшларнинг фикр ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда Ватанга садоқат туйғусини янада мустаҳкамлашга қаратилган «Раҳбар ва ёшлар» учрашуви бўлиб ўтди.
Тошкент ҳарбий округи тасарруфидаги мазкур батальонда ташкил этилган мазкур тадбир Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши ҳамда Тошкент ҳарбий округи қўмондонлиги ҳамкорлигида ўтказилди. Унда ёшлар, ҳарбий хизматчилар ва масъул раҳбарлар иштирок этишди.
Учрашув давомида ёшларнинг қизиқишлари, уларни ўйлантираётган масалалар, келгуси режалари ва ташаббуслари муҳокама қилинди. Ёшлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, масъуллардан батафсил жавоб олишди. Шунингдек, билдирилган таклифларни амалга ошириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Бундай учрашувларнинг аҳамияти шундаки, ёшлар нафақат ўзларини қизиқтирган масалаларни бевосита масъулларга етказиш, балки янги ғоя ва ташаббусларини илгари суриш имконига эга бўлади. Энг муҳими, уларнинг фикри ва таклифлари эътибордан четда қолмай, амалий ишларга йўналтирилади. Бу эса ёшлар ва масъуллар ўртасида очиқлик ва ишончни янада мустаҳкамлайди.
Учрашувнинг ҳарбий қисмда ўтказилгани эса тадбирга алоҳида мазмун бағишлади. Ҳарбий муҳит ёшларда Ватан ҳимояси, юрт тинчлиги ва осойишталигига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш баробарида, интизом, матонат, масъулият ва фидойилик каби фазилатларни шакллантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
[gallery-30846]
— Бугун ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва ташаббусларини тинглаш, муаммоларини ўрганиш жуда муҳим. Зеро, ҳар бир ташаббус ортида келажакка интилиш, ўз ўрнини топиш ва жамият ҳаётида фаол иштирок этиш истаги мужассам. Шу боис бундай учрашувларда биз нафақат ёшларни тинглаймиз, балки улар билан биргаликда мавжуд муаммоларга ечим ва янги имкониятларни излаймиз. Бугунги тадбирнинг ҳарбий хизматчилар иштирокида ўтказилаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу орқали ёшларда Ватанга садоқат, юрт тинчлиги ва осойишталигига дахлдорлик, фидойилик ва масъулият туйғуларини янада мустаҳкамлашга эришамиз. Бундай мулоқотлар уларнинг ўз кучига ишончини ошириш, янги ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, бугун ёшлар ўзларини қизиқтирган масалаларни эркин баён қилиб, таклифларини билдирди. Бу эса уларнинг фикри биз учун муҳим эканини кўрсатади. Бундай мулоқотларни мунтазам давом эттириш орқали ёшларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва муносиб келажак учун мустаҳкам пойдевор яратишга интиламиз, — дейди тадбирда иштирок этган Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти кенгаши раиси Азизбек Раҳмонов.
Тадбирнинг бадиий қисми ҳам иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди. Ҳарбий хизматчилар томонидан ижро этилган жонли куй-қўшиқлар учрашувга кўтаринки руҳ бағишлади. Ватан, юрт ва жасоратни тараннум этган қўшиқлар иштирокчиларни юртга садоқат ва фидойилик ғоялари атрофида янада бирлаштирди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА