Учкўприк туманида овқатдан заҳарланишда гумон қилинган фуқаролар шифохонага ётқизилди
Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси маълум қилди.
Гап шундаки, 2026 йил 17-18 сентябрь кунлари Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида истиқомат қилувчи фуқаролар ҳолсизлик, кўнгил айниши ва ич кетиши каби шикоятлар билан туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.
Дастлабки эпидемиологик суриштирув жараёнида мурожаат қилган фуқаролар Учкўприк тумани Наврўзшоҳ кўчасида жойлашган "fast-food" маҳсулотлари тайёрлайдиган шохобчалардан бирида хот-дог ва нон-бургер каби маҳсулотларни истеъмол қилгани аниқланган.
Шифокорлар томонидан беморларда овқатдан заҳарланиш ҳолатига гумон қилинган.
2026 йил 18 сентябрь соат 17:00 ҳолатига жами 37 нафар фуқаро тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Уларнинг 31 нафари шифохонага ётқизилган.
“Ҳозирда беморларга малакали мутахассислар томонидан тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ҳолат юзасидан эпидемиологик суриштирув ишлари давом эттирилмоқда. Гумондаги озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда беморлардан текширув ўтказиш учун тегишли намуналар олинган ва лабораторияларда текширилмоқда”, дейилади хабарда.
Дарвоқе, тадбиркорлик субъектининг фаолияти қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинчалик тўхтатилди.
Ҳолат бўйича қўшимча ахборот тақдим этилади.
ЎзА