Уч авлод вакиллари ҳарбий қисмда учрашди
Мудофаа вазирлигининг Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмлардан бирида “Уч авлод” учрашуви бўлиб ўтди.
Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Мудофаа вазирлигининг жамоатчилик кенгаши Сурхондарё вилояти бўлими, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, Жанубий оператив қўмондонлиги фахрийлар кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ҳарбий пенсионерлар, нуроний отахон ва онахонлар, ҳарбий хизматчилар, ёшлар иштирок этди.


Уч авлод вакиллари дастлаб ҳарбий қисмда тинчлигимиз қўриқчиларига яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Бой китоб фондига эга кутубхона, ҳарбий хизматчиларнинг маҳоратини ошириш, жанговар шайлигини доимий назорат қилишга мўлжалланган ўқув синфлари, буюк саркарда ва давлат арбобларининг жасоратга тўла ҳаёти акс эттирилган Амир Темур ва Жалолиддин Мангуберди ўқув хоналарини кўздан кечирди. Иштирокчилар учун жанговар техника ва қурол-аслаҳалар кўргазмаси намойиш этилди.


“Уч авлод” учрашувининг асосий тадбири ҳарбий қисмнинг замонавий маънавият марказида ўтказилди. Унда Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги масъул ходими Маъмуржон Шукуров, фахрийлар кенгаши раиси Тоҳир Ўринов ва бошқалар кейинги йилларда Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ҳақида атрофлича сўз юритди. Президентимизнинг жорий йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, махалла ва нуронийларни қўллаб-қуватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони ҳамда “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб қуватлаш вазирлиги фаолиятинини ташкил этиш тўғрисида” ги қарорининг мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистонни барпо этишдаги аҳамияти ҳақида фикр алмашди. Ўзларининг бой тажрибаси, касбий фаолияти ва бугунги янгиланишлар мисолида ўтган йиллар билан ҳозирги даврни қиёслаб, ёшларга ўз ҳаётларидан хотираларни ҳикоя қилиб берди. Ватанга муҳаббат, буюк аждодларимиз анъаналарига садоқат рухида камолга етиб, миллий қадрият ва урф-одатларимизни ҳурмат қилиш юзасидан қимматли маслаҳат ҳамда тавсиялар билдирилди.


–Мамлакатимимизда кейинги йилларда амалга оширилган ислохотларга эътибор берсангиз янгиланишлар шиддати ва тараққиёт одимидан вақт тезлашгандек туюлади, – дейди меҳнат фахрийси Шокир ота Ходжаев.– Шу қисқа даврда йиллаб ечимини кутиб ётган муаммолар барҳам топганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Катта марралар олиниб, одамларни ҳаётдан рози қилишга қаратилган дастурлар амалга оширилаётганини кузатаяпмиз. Ижтимоий-иқтисодий, қурилиш, илм-фан, хизматлар кўрсатиш, маънавий-маърифий ва бошқа барча соҳаларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришилмоқда. Эндиликда бугунги ҳаёт билан ўтмишдаги шароитларни таққослаб, эришилаётган ютуқларимиз ортида турган фидокорона меҳнатлар қадрига етишимиз зарур. Бу жараёнда биз, кекса авлод вакиллари ёшларга ибрат бўлиб, тинч, обод Ватанимизга муносиб ўғил-қизларни тарбиялашимиз керак. Мазкур учрашув ҳам ана шундай улуғвор мақсадларга йўналтирилгани билан ёшу-кекса иштирокчиларда катта қизиқиш ўйғотди.

Учрашув якунида фахрийлар ва нуронийлар спортнинг кураш, бокс каби турлари, ҳарбий қисмнинг муъжазгина иссиқхонасида кўчатларни экиш ва парваришлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказди.
Бир гуруҳ фаол ҳарбий пенсионерлар, нуроний отахон ва онахонлар Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири