Туркманистон Президентининг китоблари тақдимоти
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни бугун бутун дунё олим, шоир, бастакор, спорт устаси, генерал каби кўплаб сифатлари билан ҳам жуда яхши танийди.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовни бугун бутун дунё олим, шоир, бастакор, спорт устаси, генерал каби кўплаб сифатлари билан ҳам жуда яхши танийди.
Президентнинг атоқли давлат ва сиёсат арбоби сифатидаги қарашлари, она халқи, жонажон юрти фаровонлиги ва ривожи йўлидаги қатъий, дадил, оқилона сиёсати, ислоҳотлари туркман номи, Туркманистон довруғини халқаро ҳамжамиятга янада яқиндан танитмоқда. Давлат раҳбарининг “Аркадагнинг бахтли замони“, “Туркманистоннинг улкан зафарлар ва саодатли йиллари”, “Туркманистон – фаровонлик ва тараққиёт мамлакати”, “Туркманистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида” номли китоблари бунга ёрқин мисол.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов асарларида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ва халқ фаровонлигини янада ошириш масалалари“ мавзусида бўлиб ўтган илмий-амалий конференция мазкур асарларнинг таҳлили, тавсифига бағишланди.
Ўзбекистон Фанлар академияси, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат молия институти томонидан ташкил этилган анжуманда Фанлар академияси аъзолари, таниқли иқтисодчи олимлар, молия ва иқтисодиёт соҳаларининг мутахассислари ҳамда Туркманистоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, ҳеч шубҳасиз, тили, дини, тарихи ўзаро муштарак бўлган ўзбек ва туркман халқлари асрлар мобайнида бир дарёдан сув ичиб келгани каби илм-фан маданият, адабиёт ва санъат соҳаларида ҳам ҳамдўст, ҳамфикр. Ана шундай маданий ва руҳий яқинлик туфайли дилимиз дилимизга, тилимиз тилимизга пайванд бўлиб кетган, десак муболаға бўлмайди. Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг мунтазам учрашув ва мулоқотлари икки томонлама дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун ишончли пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Гурбангули Бердимуҳамедов асарлардаги ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, минтақа иқтисодиётини ривожлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар, бой статистик кўрсаткичлар таҳлили ҳам шундан далолат беради.
“Аркадагнинг бахтли замони”. Анжуман Туркманистон Президентининг 2017 йилда чоп этилган ана шу асари тақдимоти билан бошланди.
– Аввало, мазкур асар ўз халқи ва Ватанига чексиз меҳр, садоқат, фидойилик ҳислари билан ёзилганини эътироф этиш жоиз, – деди Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Қаландар Абдураҳмонов.– Унинг биринчи боби “Ватан ва халқ учун куйиб-ёниб яшаган юрак” деб номланиши ҳам бунинг яққол исботи. Ундаги 14 бобнинг ҳар бирида туркман халқининг бугунги ижтимоий, иқтисодий тараққиёти пухта таҳлиллар асосида ёритилган. Унинг номланишида ҳам ўзига хос маъно бор. Яъни “аркадаг” сўзи “орқадаги тоғ”, “таянч”, “йўлбошчи” деган маъноларни ифодалайди. Шу нуқтаи назардан, китоб Туркманистоннинг Аркадаги томонидан ишлаб чиқилган иқтисодий стратегияга асосан мамлакат эришган ва эришаётган ютуқлар ҳақида ҳикоя қилади. Асарнинг “Миллат етакчисининг иқтисодий стратегияси амалда” деб номланган бобида иқтисодиётнинг замонавий янги моделини яратиш борасида муҳим концептуал фикрлар, амалий ташаббуслар илгари сурилган. Муаллиф қишлоқларни ислоҳ қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, миллий иқтисодиётни модернизация ва диверсификациялаш бўйича устувор вазифаларни кўрсатиб ўтган. “Давлат – инсон учун!” деган бобда эса Президент томонидан ишлаб чиқилган стратегия асосида Туркманистонда Бахтли ҳаёт кечириш дастури амалга оширилаётгани аниқ мисоллар, таҳлилий материаллар орқали очиб берилган.

Қаландар Абдураҳмонов қўшимча қилишича, туркман йўлбошчиси асарда жамиятни маънавий юксалтириш, миллий тарихни ўрганишни чуқурлаштириш, маданий меросдан кенг фойдаланишни тарғиб этиш масалаларига ҳам урғу берган. Президент Туркманистоннинг барқарор иқтисодий ўсиши учун XXI аср стратегиясида транспорт ва транзит коридорларини яратиш бўйича янги ғояни илгари суради. Шу тариқа қўшни давлатлар, хусусан, Ўзбекистон билан бу борада катта ҳамкорлик истиқболлари мавжуд эканлигини алоҳида таъкидлайди.
Анжуманда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманистоннинг улкан зафарлар ва саодатли йиллари” монографияси ҳам иштирокчиларга таништирилди.
– Айни монографияда Туркманистоннинг улкан зафарлар ва саодат даврининг маъноси ва тавсифи, унинг асосий белгилари ва хусусиятлари, мақсад-вазифалари, шунингдек, уларни амалга ошириш натижалари ҳар томонлама таҳлил асосида баён этилган, – деди Тошкент давлат иқтисодиёт университети иқтисодиёт назарияси кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Убайдулло Ғафуров. – Миллий-давлатчилик қурилиши, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаёти, Туркманистон ташқи сиёсати ва халқаро муносабатларининг ривожланиши масалалари батафсил кўриб чиқилган. Улкан зафарлар ва саодат даврига махсус илмий-тадқиқот нуқтаи назаридан ёндашилган.

Муаллиф талқинича, улкан зафарлар ва саодат даври – бу жамиятни сиёсий жиҳатдан модернизациялаш ва маънавий янгилаш, фуқароларнинг ижодий кучини фаол уйғотиш, мамлакатни интенсив ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳасидаги ютуқларни, Туркманистон ва унинг миллий етакчисининг халқаро майдондаги обрў-эътиборини кучайтириш вақти. Халқаро муносабатларнинг замонавий тизимида мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминлаши лозим бўлган келажакдаги моддий ва маънавий ресурсларни сафарбар этиш вақти. Ривожланишда бўлган ҳамда ўзининг кўп қиррали салоҳият ва имкониятларини эндигина намоён эта бошлаган янги ижтимоий-сиёсий воқеликдир.
“Туркманистон – фаровонлик ва тараққиёт мамлакати”. Ушбу асарда Президент Гурбангули Бердимуҳамедов туркман халқининг тарихи, маданияти, урф-одатлари, фаровон ҳаёт кечириши борасидаги масалаларни чуқур илмий таҳлил қилган. Анжуманда Тошкент давлат иқтисодиёт университети молия ва солиқлар кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Актам Бурхонов бу ҳақда шундай деди:
– Китобда мамлакатнинг стратегик вазифаси – эришилган муваффақиятларни сақлаб қолиш эмас, балки бу ютуқларни самарали давлат сиёсатини амалга ошириш асосида янада такомиллаштириш, халқнинг турмуш даражасини мунтазам яхшилаш ва фаровонлигини ошириш экани қайд этилган, – деди А.Бурхонов. – Ёшларни ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида тарбиялашда Ўғузхон Туркман, Гўрўғлибек, Тўғрулбек, Байрам хон, Алп Арслон, Султон Санжар ва Махтумқули Фироғий каби туркман халқи алломаларининг илмий-ижодий ёндашувлари ўрнак тариқасида келтирилган. “Давлат – халқ учун!” деган шиор остида амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ва ташкилий ислоҳотларда тинчликсеварлик, инсонпарварлик ва адолат мезонлари ўрнатилиши илмий-назарий жиҳатдан асослаб берилган. Муаллиф мамлакат танлаган модели ижобий бетарафлигига урғу берган ҳолда тинчликсеварлик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, уларнинг суверенлиги ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, халқаро ҳарбий ташкилотлар ва шартномаларга қатнашмаслик каби йўналишларда ўзинг теран мушоҳадаларини билдирган.

Китобни ўқиб, туркман халқи оғир тарихий йўлни ўзининг вазминлик, инсонпарварлик, сабрлилик, тинчликсеварлик, ватанпарварлик, гўзалликка ва меҳрга интилувчанлик, олижаноблик ва меҳмондўстлик фазилатлари билан мардонавор босиб ўтганлиги ва айни жиҳатлар ҳозир ҳам Туркманистон барқарор ривожининг пойдевори бўлаётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида” номли асари тақдимоти ҳам иштирокчиларда қизиқиш уйғотди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети бухгалтерия ҳисоби ва аудит кафедраси профессори, иқтисодиёт фанлари номзоди Шаҳло Эргашеванинг сўзларига кўра, китоб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги Туркманистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, макроиқтисодий кўрсаткичлар ва ташқи иқтисодий сиёсатни такомиллаштириш масалаларини қамраб олган.
– Ушбу китобни яратиш ғояси 2015 йилда Туркманистон ҳукумати делегациясининг БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳида Бош Ассамблеянинг 70-юбилей сессияси Барқарор ривожланиш мақсадлари Саммити доирасидаги хизмат сафари давомида туғилганлиги муаллифнинг кириш сўзида айтиб ўтилган, – деди Ш.Эргашева – Жумладан, “Ушбу тарихий учрашувнинг энг муҳим натижаси жаҳон ҳамжамияти томонидан ўрта муддатли истиқболда глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасининг қабул қилиниши бўлди”,деб ёзади муаллиф. Туркманистон минтақада биринчилардан бўлиб глобал мақсадларни мослаштиришга киришганлиги, натижада 17 та мақсад, 148 вазифа ва 175 БРМ кўрсаткичлари бажарилганлиги асарда ўз ифодасини топган. Туркманистонда иқтисодиётнинг барқарор ривожланиши натижасида аҳоли даромадлари ва ўртача иш ҳақининг 2018-2030 йилларда ўсиш динамикаси 3,9 марта ошиши давлат стратегик дастурига киритилганлиги аниқ рақамларда келтирилган.
Шунингдек, Туркманистон нефть-газ саноати ривожланишининг ҳозирги ҳолатига алоҳида тўхталиб ўтилган ва истиқболда соҳани диверсификациялаш орқали барқарор ривожлантириш йўналишлари белгилаб берилган. Яна бир эътиборга молик жиҳати, унда транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш давлатлараро савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштиришда муҳим омиллардан бири эканлиги асослаб берилган.
Долзарб фикр ва ғоялар, амалий таклиф ва хулосалар. Айни жиҳатлар Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг юқорида номи зикр этилган тўрт китобига бирдек хос ва мос. Уларда акс этган туркман халқининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлиги, мамлакатнинг халқаро мавқеини ошириш йўлидаги дадил қадамлар, катта мақсадлар Ўзбекистон сиёсатининг устувор йўналишларига ҳамоҳанг. Шу нуқтаи назардан ушбу асарлар ўзбек ва туркман китобхонларининг эътибор ва эътирофига сазовор бўлиши аниқ.