Туркия Сурияда Исроилни тийиб туриш учун янги чора тайёрламоқда
Туркия Исроил ҳужумига қарамай, Сурияда жанг қилиш қоидасини янгилаш ва хавфсизлик чорасини кучайтириш ниятида, деб хабар берди “Türkiye Gazetesi”.
Таъкидланишича, Анқара Дамашқ ҳукумати билан Исроилнинг эҳтимолий ҳужуми ёки тажовузидан ҳимоя қилиш учун янги келишув тузиш ва қўшимча хавфсизлик шароитини яратиш режасини тузяпти. Хусусан, ҳаво кузатувини кучайтириш, қирувчи самолётлар билан қўриқлаш ва дронга қарши чора қўллаш масаласи кўриб чиқиляпти.
Аввалроқ Туркия Абу Ал-Дуҳур авиация базасига дрон ва ҳужумкор учувчисиз учоғи каби ҳаво мудофааси воситалари ўрната бошлаган. Ҳудудга 200 дан зиёд турк аскарини жойлаштириш ҳам режалаштирилган эди. Исроил ҳужумидан кейин бу қарор бекор қилинди.
Газета таъкидлашича, Туркия ва Сурия ўртасида мудофаа ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш, жумладан қўшма машқ ўтказиш масаласи ҳам кўтарилган. Ўрта муддатли истиқболдаги эҳтимолий чора сифатида Сурия ҳаво ҳудудини ҳарбий парвоз учун ёпиш ҳам назарда тутилган.
Шунингдек, Туркия бошқа давлатлар, масалан АҚШ ва НАТО иттифоқчилари билан дипломатик маслаҳатлашув ҳам ўтказяпти. Вашингтон сўнгги саккиз ой давомида Иордания кўмаги билан Сурия, Туркия ва Исроил ўртасидаги кескинликни камайтириш механизмини яратишга уринган. Афсуски, мазкур ташаббус Исроил томонидан барбод қилингани айтиляпти.
С.Раҳимов, ЎзА