Туркия, Саудия ва Покистоннинг мудофаа иттифоқи минтақада нимани ўзгартиради?
Саудия Арабистони, Туркия ва Покистон ўртасида имзоланган Макка қўшма мудофаа шартномаси нафақат минтақавий ҳарбий мувозанат, балки халқаро қурол бозорининг тузилишини ҳам ўзгартириши мумкин, деб ёзмоқда “The National Interest” нашри.
Хабарда таъкидланишича, “Туркия саноати, Саудия Арабистонининг молиявий ресурслари ва Покистоннинг ҳарбий тажрибаси” уйғунлиги кучли янги мудофаа-саноат мажмуини яратиши мумкин.
Туркия замонавий технологияларга, жумладан, учувчисиз тизимларга эга, Саудия Арабистони катта молиявий ресурсларга эга ва Покистон зирҳли транспорт воситалари, қурол-яроғ ва ўқ-дориларни ишлаб чиқаришга, шунингдек, ҳарбий техникани таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатишга қодир.
Мақола муаллифи Покистоннинг логистика ва таъмирлаш базасига алоҳида аҳамият қаратиб, “усиз тизимларнинг ишловчанлигини сақлаб қолиш деярли имконсиз” эканлигини таъкидлайди. Шунингдек, нашрда келажакда уч мамлакат қўшма экспорт платформасини яратиши мумкинлиги қайд этилган.

Эътиборли жиҳати, нашр ушбу келишув Қўшма Штатлар билан тўғридан-тўғри рақобатни англатмаслигини таъкидлаган.
Туркия етакчиси Режеп Таййиб Эрдоған “Asharq Al-Awsat” газетасига берган интервьюсида Макка мудофаа шартномаси ҳақида фикр билдириб, ҳужжат бирон бир давлатга қарши қаратилмаганлигини таъкидлади.
Унинг сўзларига кўра, келишувнинг асосий мақсади минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш ва мамлакатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдир. Эрдоғаннинг қўшимча қилишича, механизм бошқа “қардош давлатлар”нинг қўшилиши учун очиқлигича қолмоқда.
С.Раҳимов, ЎзА