Турк дунёси археологлари ягона рақамли мерос маълумотлар базасини яратади
Венгрияда бўлиб ўтган Турк дунёси археологик тадқиқот институтлари ва марказлари иттифоқининг (ARICA) учинчи йиғилишида қўшма тадқиқотларни фаоллаштириш ва ягона рақамли мерос маълумотлар базасини яратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Таъкидланишича, “Туркий мамлакатлардаги археологик жойларнинг электрон атласи” лойиҳаси асосий археологик жойларнинг жойлашуви, хронологияси, илмий хусусиятлари, фотосуратлари ва тадқиқот натижалари ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Тадқиқотчилар ва тадқиқот марказлари ўртасида доимий равишда маълумот алмашиш учун ARICA рақамли порталини яратиш ҳам режалаштирилган.
Устувор йўналишлар қаторига Ипак йўли шаҳарлари, илк туркий давр жойлари, қадимги суғориш тизимлари ва Евроосиё кўчманчи маданиятлари меросини ўрганиш киради. Йиғин якунида туркий дунё ташкилотлари ўртасида қўшма археологик лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тизимли илмий алмашинувни назарда тутувчи декларация қабул қилинди.
С.Раҳимов, ЎзА