Туристик ҳамкорлик кўлами кенгаймоқда
"Олтин ҳалқа" миллатлараро ҳамдўстлик лойиҳаси доирасида Қирғизистон Республикаси делегацияси Андижон вилоятига келди.
Лойиҳада қўшни давлатлар ўртасида туризмни ривожлантириш, янги туристик йўналишлар очиш, мамлакатларнинг туризм имкониятларидан самарали фойдаланиш, хорижий сайёҳларни кўпроқ жалб этиш кўзда тутилган. Кейинги йилларда қўшни Қирғизистон ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида санъат, спорт, туризм, таълим ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда ҳамкорлик кўлами кенгайиб, мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, туризм йўналишидаги ҳамкорлик ҳажми ҳам йилдан-йилга ортмоқда. “Олтин ҳалқа” миллатлараро ҳамдўстлик лойиҳаси ана шу ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришга ёрдам беради.
[gallery-11966]
Таркибида туристик компаниялар, кенг жамоатчилик вакиллари, шунингдек, журналист ва блогерлар ўрин олган Қирғизистон Республикаси делегацияси аъзолари дастлаб Янги Андижон шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Сўнг Андижон шаҳридаги Navruz Mall кўнгилочар савдо марказида аҳоли учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Айни кунда Navruz Mall кўнгилочар савдо маркази нафақат андижонликлар, балки шаҳар меҳмонлари, сайёҳлар келиб томоша қиладиган гавжум масканлардан бирига айланди. Шундан сўнг меҳмонлар Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор қишлоғида жойлашган Қутайба Ибн Муслим зиёратгоҳида бўлиб, зиёратгоҳнинг тарихи, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Кейинги икки йил ичида Жалақудуқ туманидаги Қутайба ибн Муслим (р.а.) номи билан аталувчи зиёратгоҳ бутунлай янгича қиёфа касб этган. Зиёратгоҳ вилоятдаги энг обод масканлардан бирига айланмоқда.
Шунингдек, делегация аъзолари Жалақудуқ туманидаги йирик корхоналардан бўлган "Zumrad textile" ва "Samo" тикув фабрикаларида бўлди. Корхоналарда ишлаб чиқаришга энг замонавий ва илғор технологиялар жорий этилганлиги, ишловчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилганлиги, айниқса, корхоналарнинг бежирим ва сифатли маҳсулотлари меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди. Қирғизистонлик меҳмонларнинг юртимиз бўйлаб саёҳати давом этмоқда.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА