Тупроқ остидаги қадамжо (+видео)
Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Жийда қишлоғида “Сахоба ота” қабристони бор ва у ерда бир тепалик мавжуд. Қабристон қоровули Пўлат Худойқуловнинг таъкидлашича, тепаликнинг устида туйнук очилган ва унинг ичига қарашганда ғиштдан терилган иморатлар қолдиқлари кўринган. Унинг бу бирор тарихий обида бўлиши мумкин, деган тахмини бизга етиб келди.
Қизиқиб айтилган манзилга бордик. Бу маълумотларни эшитган самарқандлик археологик ёдгорлик шайдолари –музейшунос Шарифжон Сахатов ва тарихчи Акмал Ҳамроевлар ҳам келишган экан. Бирга айтилган тепаликка чиқдик.
Тепаликда усти айвон қилинган қабр тош ҳам бор. Ҳамроҳларимиз қабр тошда ёзилган ёзувларни ўқишга уринди. Боиси, шу кунгача бу қабртошда нима деб ёзилган, у кимга тегишли, қайси даврга оидлиги ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ экан.
– Ушбу қабр тошнинг бош қисмига “вафот марҳум мағфур Хожа Шоманзар ибн Хожа Дарвеш Алишер. Вафот санаси ҳижрий 943” деб ёзилган, – дейди музейшунос Шарифжон Сахатов. – Бу милодий 1535 йилга тўғри келади.
Мутахассиснинг фикрларига таянсак, қабрда кўмилган киши XVI асрда яшаган. Бу даврда мамлакатда шайбонийлар сулоласи ҳукмрон бўлган. Тарихдан маълумки, шайбонийлар даврида ҳам юртимизда ислом дини анчагина равнақ топган.
[gallery-21360]
Шундан сўнг тепалик устида очилиб қолган туйнук сари юрдик. Тахминан бир метр квадрат катталигида туйнук ҳосил бўлган. Пўлат Худойқуловнинг айтишича, бундан бир неча йил олдин археолог мутахассис келиб ичкарига тушиб кўрган. Ичкарида қандайдир қўлёзмалар, китоблар борлиги ҳақида айтган ва иш қурол-аслаҳалари билан бир кун келишини айтиб кетган. Лекин қайтиб келмаган.
Акмал Ҳамроев ичкарига кириб, фото ва видеолар олишга ёрдам берди. Унинг таъкидлашича, очилиб қолган туйнук хонақонинг гумбаз қисми бўлиб, у қабрда ётган авлиёга тегишли бўлиши мумкин. Ғиштларининг терилиши, тўртта қирраси борлиги, энг муҳими, қибла томони юқори аниқликда қурилгани таҳсинга лойиқ. Ғиштлари ҳам темурийлар даврига хос тўртбурчак шаклидаги мусулмон ғиштлар. Ҳозир мақбаранинг ичи ҳам тупроқ билан кўмилиб қолган. Уни қазиш ва ўрганиш махсус рухсатнома ва харажатни талаб қилади.
Тахмин қилинишича, бу ерда қадимда қайсидир авлиёсифат кишининг хонақоси бўлган ва у ислом оламида таниқли бўлган. Боиси, юқоридаги каби қабр тошлар оддий кишиларга қўйилмаган. Нимадир сабабга кўра, бу ердан инсон қадами узилган ва хонақо ҳам кўмиб юборилган.
Қабртошда исми зикр қилинган киши ҳақида бирор маълумот топа олмадик, балки ушбу соҳа мутахассислари бунга аниқлик киритишар. Нима бўлганда ҳам ушбу тепалик остида буюк тарих силсиласи ётибди. Уни ўрганиш, аниқлаш эса динимиз тарихидаги яна бир муқаддас қадамжонинг очилишига сабаб бўлиши мумкин. Ушбу мақолани тайёрлашдан мақсад мутасадди ташкилотлар шу масалада археологик суриштирув-текширув ишларини амалга оширса, балки тарихимизнинг яна бир неча минг йиллик сири очилар...
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Ik-vVjGjp1w" title="Tuproq ostidagi qadamjo" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари