Тўхтамишда янги кўприк ишга тушди
Сурхондарё вилояти Олтинсой туманининг Тўхтамиш маҳалласидан ўтувчи Вахшиворсой сел сувлари сойида қурилган янги кўприк фойдаланишга топширилди.
Янги кўприк қурилиши учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги фуқаролик институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг 150 миллион сўм грант ва аҳоли маблағи ҳамда туман ҳокимлиги ҳомийлиги асосида бунёд этилди.

Ҳашар йўли билан қад ростлаган иншоотнинг узунлиги 12 метр, эни 7,5 ва баландлиги 7 метр бўлиб, тоғли ҳудуддаги Тўхтамиш, Чуқур Обшир, Зардақул, Чинор, Бодиҳаво каби қишлоқларда яшайдиган 15 мингдан ортиқ аҳолини туман маркази билан боғлаб туради.

Шу пайтгача ҳам қишлоқда аҳоли ва транспорт қатнови учун мўлжалланган кўприк бўлиб, баҳор серёғин йиллари Вахшивор тоғи дарасидан чиққан сел таъсирида яроқсиз ҳолга келиб, аҳолининг транспортда ҳаракатланишида ноқулайликларни юзага келтираётган эди. Эндиликда сой қирғоғига мустаҳкам бетон девор ўрнатилган кўприк бу муаммога чек қўйиб, транспортлар йилнинг тўрт фаслида ҳам бир маромда ишончли ҳаракатланиши учун янги қулайликлар яратди.

Замонавий кўприкни фойдаланишга топшириш маросимида туман ҳокими Отабек Мавлянов, Олий Мажлис сенати суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси Абдулҳаким Эшмуратов ҳамда бошқалар мамлакатимизнинг чекка ва олис қишлоқларида ҳам аҳолининг муносиб турмуш кечириши йўлида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида сўз юритди. Бетон деворлари мустаҳкам янги иншоотни барпо этишда қатнашган қурувчилар ва ҳашарчиларга чуқур миннатдорлик билдирди. Энг фаол қурувчи ва ҳашарчиларга эсдалик совғалар улашилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА