Тошлоқда трансформаторлар ишлаб чиқарилмоқда (+видео)
Ўзбекистон улкан қурилиш майдонига айланди. Фарғона вилоятида 20 та “Янги Ўзбекистон” турар-жой массивлари бунёд этилди. Уларнинг энг каттаси “Эко шаҳар”дир. Келгусида 400 минг аҳоли яшашига мўлжалланган кўпқаватли бинолар қад ростламоқда. Унинг яна бир жиҳати шаҳарчада барча уй юмушлари электр қуввати билан бажарилади. Ҳатто иситиш ҳам.
Бундай йирик ҳудудлар учун қуввати юқори ва ишончли электр трансформаторларига талаб катта. Илгари бу каби ускуналар асосан чет элдан ёки пойтахтдаги ишлаб чиқарувчилардан олиб келинар эди. Энди эса улар Қўқон эркин иқтисодий зонаси ҳамда Тошлоқ туманидаги саноат зоналарида ҳам ишлаб чиқарилмоқда.
Ана шундай корхоналардан бири “FAHR ENERGY TECHNOLOGIES”. Ушбу корхона ўтган йили фаолият бошлаган бўлиб, бугунги кунда йилига 40-50 дона юқори қувватли электр трансформаторини ишлаб чиқариб, истеъмолчиларга етказиб бермоқда.

– Корхонамиз 2024 йилда ташкил топган. Хорижий мамлакатлардан замонавий технологик ускуналар келтирдик. Асосий вазифамиз электр шитлари жиҳозларини ишлаб чиқариш ва йиғишдир. 25 кВт ампердан 2,5 минг кВт ампергача бўлган трансформаторлар ишлаб чиқарамиз. Бундан ташқари, трансформаторлар подстанциясини ҳам қурамиз. Маҳсулотларимизни келгусида Осиё мамлакатларига экспорт қилиш имкониятлари мавжуд, – дейди корхона муҳандис-конструктори Али Зинади. – Айни чоғда Янги Ўзбекистоннинг “Эко шаҳари” учун электр жиҳозларини тайёрламоқдамиз. Бугунгача улар учун 10 га яқин трансформатор подстанциялари юборилди.
Ҳар қандай ишлаб чиқариш тобора такомиллашмас экан, истиқболи бўлмайди. Бу ерда ҳам бўш турган улкан бинони аукционда сотиб олишди ва энди каттароқ лойиҳага қўл урмоқдалар.

– Биз Хитойдаги муқобил компаниялар билан шартномалар тузганмиз. Улар келгусида энг юқори қувватли трансформатор заводининг лойиҳасини тайёрлашмоқда. Бу заводни шу ҳудудимизга қурамиз. У 63 минг квт ампергача кучланишга эга трансформаторлар ишлаб чиқаради. Бундан ташқари, йилига 2000 тагача кам қувватли трансформаторлар ҳам етказиб бера олади, – дейди Али Зинади. – Биз ҳозирданоқ Фарғона техника университети билан малакали мутахассислар етказиб бериши ҳақида мақсадли шартномалар туздик. Университет талабалари дуал таълим асосида бизда ишлай бошлади.

Шундай қилиб, энди Тошлоқ тумани катта қувватли трансформатор етказиб берувчига айланди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/WRZGH8DHnDE" title="Toshloqda transformatorlar ishlab chiqarilmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА