Тошкентда йирик кучли таъсир қилувчи дори савдоси фош этилди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманида тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида “Фарғона — Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган ва тезкор кузатувга олинган автотранспорт воситаси Мирзо Улуғбек тумани Олмачи маҳалласи ҳудудида тўхтатилди.
Маълум қилинишича, ушбу автотранспорт воситасида йўловчи сифатида ҳаракатланган фуқаро автомашинадан тушиб, воқеа жойида турган бошқа бир фуқарога 32 конвалюта “Регапен 300 мг” ҳамда 90 дона “Тропикамид” номли кучли таъсир қилувчи дори воситаларини бераётган вақтда тезкор ходимлар томонидан қўлга олинган.

Шундан сўнг автотранспорт воситаси белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, қўшимча равишда 88 конвалюта “Регапен 300 мг” ва 10 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, мазкур дори воситалари ноқонуний муомалага киритилиши мумкин бўлган воситалар сифатида текширувга олинган.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Қайд этилишича, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг назоратсиз тарқалиши аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкин. Шу боис божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бундай турдаги қонунбузилишларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича тезкор тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.
Ш. Маматуропова,
ЎзА