Тошкентда Ўзбекистон – Австрия бизнес-форуми бўлиб ўтди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон – Австрия бизнес-форуми бўлиб ўтди. Ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган тадбирда икки давлат идоралари, бизнес ҳамжамияти, молия институтлари ҳамда йирик компаниялар вакиллари иштирок этди. Дастурга кўра, томонларнинг инвестиция салоҳиятига бағишланган тақдимотлар, B2B ва B2G форматларида учрашувлар ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломов мазкур анжуман савдо-иқтисодий ва инвестициявий муносабатни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим майдон эканини таъкидлади.
Форумда ишбилармон доираларнинг 100 дан ортиқ вакили иштирок этаётгани томонларнинг ҳамкорлик истиқболига қизиқиши ва бу йўлдаги ўзаро ишончи юқорилигини намоён этмоқда.
Сўнгги беш йилда Ўзбекистон ва Австрия ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми уч баробар ошган. Бугунги кунда мамлакатларимиз умумий капитали иштирокида 50 дан зиёд корхона фаолият юритмоқда.
[gallery-29289]
Таъкидланишича, Австриянинг “Lasselsberger”, “Doppelmayr”, AME, “Borealis” компаниялари билан қурилиш материаллари, тоғ туризми, соғлиқни сақлаш, кимё саноати соҳаларида ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. “Raiffeisen”, “Uni Credit” каби молия институтлари юртимизда амалга оширилаётган муҳим лойиҳаларда фаол иштирок этмоқда.
Европа давлатининг диёримизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Австрия Республикаси ташқи ишлар вазири Беате Майнль-Райзингер ҳамда ички ишлар вазири Герхард Карнер билан музокара ўтказди.
Учрашувда сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек хавфсизлик, миграция, таълим, туризм, “яшил” энергетика ва маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотлар якуни бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, “Икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш ҳамда даромад ва мол-мулк солиғи тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларини бартараф этишга оид Конвенцияга ўзгариш киритиш ҳақида”ги Баённома ва Қўшимча баённома, “Миграция ва мобиллик соҳасида шериклик тўғрисида”ги Битим ҳамда “Дипломатик паспорт эгаларини виза талабидан озод қилиш ҳақида”ги Битим тасдиқланди.
Дилшод Ҳакимов, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА