Тошкентда кўп қаватли уйда ёнғин чиқди
Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги кўп қаватли уйда ёнғин содир бўлиб, 26 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар йўқ.
Бугун, 5 август куни соат 02:19 да Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани, Уста Ширин кўчасида жойлашган кўп қаватли уйнинг 6-кириш йўлагидаги электр қутисида ёнғин содир бўлгани ҳақида Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармасига хабар келиб тушди.
Хабар асосида қутқарув бўлинмалари зудлик билан воқеа жойига йўлланди. Улар соат 02:25 да ҳодиса жойига етиб бориб, ёнғинни бартараф этиш ишларига киришди. Тезкор чора-тадбирлар натижасида ёнғин соат 03:58 да тўлиқ ўчирилди.

Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин оқибатида кўп қаватли уйнинг 6-кириш йўлагидаги тахминан 60 погон метр электр кабеллари ёниб, зарарланган.
Фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қутқарувчилар томонидан кўп қаватли уйдан 26 нафар фуқаро хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди. Энг муҳими, ҳодиса оқибатида тан жароҳати олганлар ва жабрланганлар қайд этилмади.
Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ҳамда етказилган зарар миқдорини аниқлаш бўйича тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддилари электр тармоқлари ва қурилмаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилиш, электр жиҳозларини назоратсиз қолдирмаслик зарурлигини эслатмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА