Пойтахтимизда Euronews телеканалининг Тошкент офиси очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Мазкур тадбирга Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари, хорижий ва мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари ходимлари, юртимизда фаолият кўрсатаётган дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари таклиф этилди.
Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев 27 июнь - Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан соҳа ходимларига йўллаган табригида глобал ижтимоий-сиёсий жараёнлар беқиёс шиддат билан ўзгараётган ҳозирги ўта мураккаб ва нотинч дунёда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва таъсири ҳар қачонгидан ҳам кучли аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлади.
Шу маънода бугунги кунда юртимиз медиа маконида жаҳоннинг етакчи оммавий ахборот воситалари билан узвий ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги давлат ахборот сиёсатининг устувор йўналишларни илгари суриш мақсадида "Euronews" медиа-холдинги билан ҳамкорлик доирасида комплекс ахборот кампаниясини амалга оширмоқда.
Мамлакатимиздаги асосий ташаббус ва ислоҳотлар, эришилаётган натижаларни ёритишда, шунингдек, мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўси, нуфузи ва мавқеини тобора юксалтиришда, юртимизнинг жаҳондаги ижобий имижини шакллантириш мақсадида бир қатор амалий ишларни олиб бормоқда.
Eurоnewsнинг пойтахтимиздаги офисининг очилишида таъкидланганидек, кейинги йилларда жаҳонга янгиланаётган Ўзбекистон сифатида танилаётган мамлакатимизда кўплаб хорижий медиа тузилмалар самарали фаолияти кўрсатмоқда. Айни пайтда етакчи ахборот агентликлари, телеканаллар хориждаги оммавий ахборот воситалари билан узвий ҳамкорликни йўлга қўймоқда. Бу эса ахборот оламидаги медиа материаллар алмашинувида, илғор иш тажрибаларини оммалаштиришда, юртимиздаги воқеликларни тезкор ва жойида ёритишда муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур телеканал Директорлар кенгашининг раиси Педро Варгас Давиднинг айтишича, Euronewsнинг Тошкент офиси очилиши алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, бу мамлакатларимиз ўртасида ўзига хос медиа кўприк вазифасини ўташи шубҳасиз. Шуни ҳам айтиш керакки, Euronews бу наинки ахборот макони, балки маданиятлар, цивилизацияларнинг ўзаро мулоқот ўрнатган, туташган маконидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот котиби Шерзод Асадов кейинги йилларда мамлакатимизда жамият ҳаётининг барча жабҳалари каби матбуот ва сўз эркинлигини амалда таъминлаш, оммавий ахборот воситалари ходимларининг эркин ва самарали фаолияти учун барча зарур шароит ва имкониятлар қаратилаётганини таъкидлади. Айни пайтда журналистика соҳасида ҳам халқаро ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб бормоқда.
Euronewsнинг Тошкентда офиси очилиши юртимиздаги ислоҳотлар, янгиланиш жараёнларини жаҳон миқёсида кенгроқ ёритиш имконини бериши шубҳасиз.
- Бугунги глобаллашув даврида дунёнинг ҳеч бир мамлакати ахборот маконида ҳам алоҳида ўз ҳолича фаолият кўрсата олмайди, - деди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Махл. - Ўзбекистон барча давлатлар каби Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳам самарали ҳамкорликни йўлга қўйган. Euronewsнинг Тошкентдаги офиси очилиши Европа мамлакатлари билан ўзаро мулоқотни таъминлашга қаратилган платформага айланади.
Дарҳақиқат, Европа Иттифоқининг энг етакчи телеканаллардан бўлган ушбу медиа тузилма кун давомида узлуксиз ахборот - видео ва аудио контентларни тайёрлаб тарқатувчи оммавий ахборот воситаси саналади. Ушбу телеканал жаҳоннинг ўндан ортиқ тилида ахборот тарқатади.
Тантанали тадбирда Euronews мухбирлари томонидан Ўзбекистонда кечаётган янгиланиш жараёнлари, ислоҳотлар, кенг қамровли ўзгаришларга оид видеорепортажлардан лавҳалар билан танишиш имкони яратилди.
Тадбирда санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири