Тошкентда 7 майдан автобус кондиционерлари ишга туширилади
Тошкент шаҳрида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши сабабли жамоат транспортида йўловчилар учун қулай шароит яратиш бўйича қўшимча чоралар кўрилмоқда.
Тошкент шаҳар транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош бошқармасининг 2026 йил 30 апрелдаги кўрсатма хатига мувофиқ, ташқи ҳаво ҳарорати +28°C дан юқори бўлган ҳолларда автобус салонларида кондиционерлардан мажбурий фойдаланиш белгиланди. Шу билан бирга, салон ичидаги ҳароратни +26°C атрофида сақлаш талаби қўйилган.
Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2026 йил 7 майдан бошлаб пойтахтдаги автобусларда совитиш тизимлари босқичма-босқич ишга туширилмоқда.
"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ маълум қилишича, йўловчиларга сифатли ва қулай хизмат кўрсатиш учун бир қатор чоралар амалга оширилади. Жумладан, кондиционер тизими носоз бўлган автобусларни йўналишларга чиқармаслик, мавжуд техник носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиш ҳамда барча ҳайдовчилар учун кондиционерлардан тўғри фойдаланиш бўйича навбатдан ташқари йўриқномалар ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, "Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш" давлат муассасаси томонидан жамоат транспортида назорат тадбирлари кучайтирилди. Йўловчилардан келиб тушаётган мурожаатлар тезкор тартибда кўриб чиқилиб, белгиланган талабларни бажармаган масъулларга нисбатан қатъий интизомий чоралар қўлланиши таъкидланди.
Ҳамроз Баёнов,
ЎзА