Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Юртимиз бўйлаб “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” ҳамда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларининг 2-босқичи — ҳудудий босқич, яъни “Ҳоким олимпиадаси”га старт берилди.
Мазкур нуфузли спорт мусобақалари доирасида Тошкент вилоятининг Чирчиқ ва Янгийўл шаҳарлари, Қуйи Чирчиқ ҳамда Юқори Чирчиқ туманлари, шунингдек, Олимпия шаҳарчасида спортнинг бир қатор турлари бўйича қизғин баҳслар ташкил этилмоқда. Хусусан, дзюдо, юнон-рум кураши, енгил атлетика, баскетбол 3х3, бадминтон, оғир атлетика, қиличбозлик, теннис ҳамда соҳил волейболи мусобақаларида ёш спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этмоқда.
“Ҳоким олимпиадаси” спорт орқали ёшларни соғлом турмуш тарзига жалб этиш, иқтидорли спортчиларни саралаб олиш ҳамда олимпиячилар сафини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.

***
Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳамда ДХХ Чегара қўшинлари билан ҳамкорликда хизмат ити ёрдамида юртимизга ўтиш учун “Яллама” чегара божхона пости орқали фуқаро бошқарувида кириб келган енгил автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилди. Жараёнда ҳайдовчи ўриндиғи тагига яширилган, тегишли рухсат берувчи ҳужжатларсиз бўлган 35 дона “12 калибрли” гильзалар борлиги аниқланди.
Яна бир ҳолатда мазкур пост орқали кириб келган бошқа бир автотранспорт воситаси кўздан кечирилди. Унда ҳайдовчи томонидан оғзаки сўровда маълум қилинмаган ҳамда йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган 2 дона “12/70 Azot NRG Auto №4 36g” русумли жанговар патрон борлиги фош этилди.
Ҳозир мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли тартибда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


***
Халқаро оила куни муносабати билан Чирчиқ шаҳрида байрам тадбири ўтказилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, тегишли соҳа раҳбарлари, ибратли оилалар, меҳнат фахрийлари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Сўз олганлар оиланинг жамиятдаги ўрни, миллий қадриятларни асраб-авайлаш, соғлом маънавий муҳитни шакллантириш ва ёш авлодни ватанпарварлик ҳамда оилапарварлик руҳида тарбиялаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ҳамда ажримларнинг олдини олиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, вилоятда 950 мингдан ортиқ оила истиқомат қилмоқда. Шундан 30 ёшгача бўлган оилалар сони 376 мингдан зиёдни ташкил этади. Жорий йилда ҳудудий комиссия тавсиясига асосан, 222 та оила “Ибратли оила” кўкрак нишонига муносиб деб топилди.


Тадбир давомида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, фарзандларни ҳалол, ватанпарвар ва маърифатли этиб тарбиялаш ҳамда жамиятда соғлом муҳитни қарор топтиришга қўшаётган ҳиссаси учун бир гуруҳ оилага “Ибратли оила” кўкрак нишони тантанали равишда топширилди.
А. Мусаев, ЎзА