Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Баҳор нафаси кириб келиши билан атроф муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва яшил майдонларни кенгайтириш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам изчил давом этмоқда.
Бўстонлиқ туманининг Ғазалкент маҳалласи ҳудудида “Вазирлар Маҳкамаси боғи” ташкил этилди. Мазкур ҳудудда ажратилган 50 сотих ер майдони тозаланиб, 320 туп манзарали дарахт кўчати ўтқазилди. Жойларга эман, шумтол, садақайрағоч каби манзарали дарахт кўчатлари экилди.

***
Юқори Чирчиқ туманида спортнинг кураш тури бўйича 2009–2010 йилларда туғилган ўсмирлар ва қизлар ўртасида Тошкент вилояти чемпионати бўлиб ўтди.
Мазкур мусобақада вилоятнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган 200 нафардан зиёд ёш курашчилар ғолиблик учун ўзаро беллашди. Баҳслар муросасиз ва қизғин руҳда кечиб, ёш спортчиларнинг маҳорати ҳамда тайёргарлик даражаси яна бир бор намоён бўлди.
Якунда ғолиб ва совриндорлар Тошкент вилоят спорт бошқармаси томонидан медаль ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Шунингдек, улар Термиз шаҳрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон чемпионатида иштирок этиш учун йўлланмани қўлга киритди.


***
Халқаро тажрибаларни оммалаштириш мақсадида Чиноз туманидаги 9-давлат мактабгача таълим ташкилотида Хитойнинг “Anji Play” методикаси асосидаги лойиҳанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова, маҳаллий ҳокимлик вакиллари, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси масъуллари ҳамда мактабгача таълим ташкилоти жамоаси қатнашди. Тадбир давомида эркин ўйин муҳитининг болалар ривожидаги аҳамияти амалий машғулотлар орқали намойиш этилди. Бу каби ёндашувлар боғчаларда болага йўналтирилган замонавий таълим моделини кенгайтиришга хизмат қилади.


Мутахассислар таъкидлашича, мазкур лойиҳа болаларнинг ижодкорлиги ва мустақил фикрлаш қобилиятини ривожлантиради. Жамоа бўлиб ишлаш, мактабгача таълим тизимига эса замонавий педагогик ёндашувларни жорий этишга кўмаклашади.
А. Мусаев, ЎзА