Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти солиқ бошқармаси масъуллари Зангиота туманида жойлашган “Бек-Барака” ихтисослашган савдо комплексида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Тадбир давомида тадбиркорлик субъектларининг қонуний ва шаффоф фаолият юритиши, савдо жараёнлари учун яратилган шарт-шароитлар, шунингдек, фаолиятнинг амалдаги қонунчилик ҳамда белгиланган тартиб-қоидаларга мувофиқ ташкил этилиши атрофлича ўрганилди. Шунингдек, тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланди.
Учрашув чоғида солиқ интизомини мустаҳкамлаш, солиқ ҳисоботларини белгиланган муддатларда тақдим этиш, назорат-касса техникаларидан тўғри ва самарали фойдаланиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ қонуний асосда ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбиркорларга амалдаги солиқ қонунчилиги бўйича тушунтиришлар берилиб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар билдирилди.


***
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинларига қарашли Оҳангарон туманидаги ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари ўртасида имтиёзли тавсиянома олиш учун тест синовлари ўтказилди.
Тест синовлари бошланишидан олдин Оҳангарон тумани ҳокими Баҳром Норқобилов ҳарбий хизматчилар билан учрашди. Самимий мулоқот давомида туман раҳбари ҳарбий хизматчиларни Ватан тинчлиги ва давлат чегараларининг дахлсизлигини таъминлаш йўлида сидқидилдан хизмат қилаётган фидойи ўғлонлар сифатида эътироф этди. Шунингдек, уларнинг ҳар кунлик хизмати жасорат, қатъият, интизом ва юксак масъулият намунаси эканлигини таъкидлади.
Шундан сўнг ҳарбий хизматчилар белгиланган тартибда тест синовларини топширишга киришди. Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги ходимлари томонидан ушбу жараён юқори савияда, шаффоф ва адолатли тарзда ташкил этилди.


***
Тошкент вилоятида “оғир” тоифага мансуб 47 та маҳаллада инфратузилмани яхшилаш орқали камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш масалалари юзасидан ўрганишлар бошланди.
Аввало, “Маҳалла паспорти” шакллантирилмоқда. Маҳалла ҳудудига ўрнатилиши режалаштирилган 300 киловатт қувватга эга қуёш электр станцияси учун ер майдони танланмоқда. Томорқаларни суғориш учун сув таъминоти, электр тармоқлари ҳамда ички йўлларнинг ҳолати кўздан кечирилмоқда.

Вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси раҳбар-ходимлари ҳудуд масъулларининг мазкур ўрганишлари асосида давлат бюджетидан 2 миллиард сўм ва вилоятдан 1 миллиард сўм маблағларни самарали сарфлашнинг аниқ тақсимоти ишлаб чиқилади.
Шу билан бирга, маҳаллаларнинг ўсиш нуқталарини аниқлаш, камбағал ва ишсиз оилаларнинг манзилли рўйхатларини шакллантириш ишлари амалга оширилмоқда.

А.Мусаев, ЎзА.