Тошкент маънавий майдони Марказий Осиё ва Озарбайжонни бирлаштирди
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Марказий Осиё: умумий маънавий-маърифий мерос – умумий келажак” мавзусидаги халқаро конгресс иш бошлади. Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU), Фанлар академияси ҳамда Марказий Осиё халқаро институти ҳамкорлигида ташкил этилган йиғинда 300 га яқин олим ва санъатшунос, таълим соҳаси вакиллари иштирок этмоқда.
Дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг анжуман иштирокчиларига йўллаган табригини Президент маслаҳатчиси Русланбек Давлетов ўқиб эшиттирди.
Айтиш жоиз, мазкур форум халқаро ташкилотлар, дипломатик корпус, илмий ва маданий муассасалар вакиллари, шунингдек Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда Озарбайжондан келган олимлар, санъат арбобларини бирлаштирди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад минтақа халқлари маънавий ва илмий меросини бирлик, ҳамкорлик, барқарор тараққиёт асоси сифатида таҳлил қилишдир. Шунингдек, бир неча кун давомида давлатларнинг умумий маданий меросни асраш, ўрганиш ва тарғиб этишга қўшаётган ҳиссаси, илм-фан, таълим ва маданиятлар аро мулоқотни ривожлантиришга қаратилган халқаро ташаббусларга алоҳида эътибор қаратилади.
[gallery-26239]
Конгресс айнан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида ўтказилиши рамзий аҳамиятга эга. Бу ноёб мажмуа минтақанинг уч минг йиллик тарихи, Ренессанс даврлари ва Янги Ўзбекистон тараққиёти жараёнини мужассам этган. Мажмуа цивилизация меросини ўрганиш, ёшларни тарбиялаш ва халқаро маданий ҳамкорликни мустаҳкамлаш майдони бўлиб хизмат қилмоқда.
– Ўзбекистоннинг маданий бойликлари – бутун инсоният мулки, – дейди Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ЎзА мухбирига берган интервьюсида. – Биз, тадбир қатнашчилари нафақат ўлкамиз, балки бутун Марказий Осиё ва Озарбайжон маданий мероси ҳақида, буюк аждодларимиз жаҳон цивилизацияси ривожига қандай ҳисса қўшгани хусусида гаплашамиз. Ушбу марказни барпо этишда дунёнинг қарийб 40 мамлакатидан келган олимлар ишлади. Бу 800 лойиҳани амалга оширган бир ярим мингга яқин олим, дегани. Бундан ташқари қурувчи, меъмор, дизайнерлар меҳнатини ҳам эътироф этамиз.
Анжуман аввалида марказ музейи билан танишган меҳмонларга мажмуа ҳақидаги ҳужжатли фильм намойиш этилди. Шундан сўнг тадбир Марказий Осиё ва Озарбайжон Маданият вазирликлари, Фанлар академиялари, дин соҳаси вакиллари, миллий музейларва кутубхоналар, кино агентликлари, Бадиий академиялар, Ёзувчилар уюшмалари ва Ёшлар ишлари агентликлари раҳбарлари иштирокидаги шўъба йиғилишлари билан давом этди.
– Биласизми, ислом цивилизацияси шунчалик бойки, бу илмни тўлиқ қамраб олиш, тасвирлашнинг имкони йўқдек, – деди Озарбайжон маданият вазири Одил Каримли. – Ислом тарихи билан боғлиқ муҳим воқеаларни батафсил ифодалаш учун мислсиз куч, имконият ва саъй-ҳаракат керак. Бинобарин, ушбу марказ йўлаклари бўйлаб сайр қиларканмиз, бу масканда улкан ишлар қилинганига гувоҳ бўлдик. Ушбу марказ нафақат минтақа, балки бутун жаҳон ҳамжамияти учун фойдали, деб ўйлайман.
Бўлажак муҳокама, мунозаралар Марказий Осиё ва Озарбайжон халқлари ўртасида маънавий ҳамкорликнинг янги саҳифасини очади. Таклиф этилган ғоя ва ташаббуслар барқарор тараққиёт, ўзаро ҳурмат ва маънавий юксалиш учун асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Ў.Алимов, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА