Тошкент халқаро биенналеси
Мамлакатимиз тасвирий ва амалий санъати ғоят гўзал ва бетакрор.
Мамлакатимиз тасвирий ва амалий санъати ғоят гўзал ва бетакрор. Ушбу санъатнинг миллий анъана ва қадриятларга асослангани унинг жозибадорлигини янада оширади.
Ҳар йили Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ўтказилувчи Тошкент халқаро биенналеси бу борадаги ютуқларни кенгроқ намойиш этиш, галдаги вазифаларни белгилаб олиш, ижодкорларимиз учун ўзаро мулоқот майдонини яратиши билан аҳамиятлидир.
Жорий йилнинг 11-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган “Инсон – муҳит – санъат – 2019” номли II Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси 2019 йил – “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”га бағишланиши, ўз атрофида тасвирий ва амалий санъат ихлосмандларини тўплаши билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортади. Бадиий ижодкорлар уюшмасининг анжуманлар залида старт олувчи ушбу биенналеда наинки мамлакатимиз мўйқалам соҳиблари, уста ва ҳунармандлари, балки хорижлик ижодкорлар ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.
Ушбу санъат байрами доирасида “Ипак жилолари” мавзусидаги ипак гиламлар кўргазмаси, “Сеҳрли чарх наволари” ўзбек миллий кулолчилик кўргазмаси ҳамда Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейид “Қадимги қоғоз турлари, ҳаттотлик намуналари ва миниатюра асарлари” кўргазмаси бўлиб ўтади.
Биеннале доирасида ташкил этилувчи “Шарқ афсоналари” ва “Аъло бахмал” миллий либослар намойиши мода ихлосмандларига ғоят манзур бўлиши, шубҳасиз. Шу билан бирга, “Замонавий ўзбек безак санъати” ҳамда “Батик ва бадиий эмаль” мавзусида япон амалий санъати кўргазмаларининг очилиши мамлакатимиз ва Кунчиқарюрт ижодкорларининг асарларини таққослаш имонини бериши билан диққатга сазовор бўлади.
Бугунги тасвирий санъат жараёнида турли халқлар маданиятининг ўзаро уйғунлашувини кузатиш мумкин. Шу маънода юртимиз мусаввир ва ҳунармандлари билан бирга Германия, Англия ва Жанубий Корея рассомларининг маҳорат дарслари ёшларда катта таассурот уйғотишига шубҳа йўқ.
“Заргарлик санъати моҳир усталари” номли кўргазма, “Шаҳар муҳитидаги санъат” мавзусида давра суҳбати, бадиий эмаль бўйича япониялик рассом Ёшико Саитонинг маҳорат дарси, Тошкент халқаро Вестминстер университети талабаларининг ижодий асарлари кўргазмаси, “Санъатдаги глобализм ва миллий ўзига хослик”, “Архитектура-қурилиш соҳалари ҳамда бадиий таълимда инновациянинг ўрни” номли халқаро илмий-амалий конференциялар биенналега ранг-баранглик бағишлайди.
Шунингдек, биеннале доирасида учрашувлар, мулоқотлар, музейларга, кўркам иншоотларга саёҳатлар, концертлар бўлиб ўтиши режалаштирилган.