Тўрт нафар таэквондочимиз жаҳон чемпионлиги учун даянга чиқади
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси” Яккакураш спорт турларига ихтисослаштирилган мажмуада таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионати давом этмоқда.
Чемпионатнинг бугунги дастуридан -44, -59, -68, -78 кг. вазн тоифаларидаги жанглар ўрин олган. Ҳар бир вазн тоифасидаги беллашувларда эса терма жамоамизнинг бир нафарда вакили жаҳон чемпионлиги учун даянга чиқади.

Жумладан, Самира Ҳайитова -44 кг. вазда черногориялик Амела Нутига қарши 1/32 финалда жанг қилса, Нилуфар Сапаева -68 кг. вазннинг 1/16 финалида хитойлик Чен Юге биланд рақобатлашади. Азизбек Муродов (-59 кг) ўз иштирокини 1/32 финалдан бошлайди ва у илк босқичда грузиялик Шота Гедзинидзе билан куч синашади. Шунингдек, вазни -78 кг. бўлган Озодбек Рисбеков 1/16 финал босқичида британиялик Уилл Бёрли ва испаниялик Иске Фабрегас жуфтлиги ғолибига қарши баҳс олиб боради.

Маълумот учун, таэквондо WТ бўйича ёшлар ўртасидаги XV Жаҳон чемпионатида куни кеча тўртта вазнда қизғин ва муросасиз жанглар ташкил этилди.
Жумладан, мусобақанинг учинчи кун якунларига кўра, -45 кг. вазн тоифасида ўтган беллашувларда ҳамюртимиз Шоҳжаҳон Ҳолмуродов бронза медалига сазовор бўлди. Ушбу вазнда Канбусакорн Пичайсонгкрам (Таиланд) чемпионга айланган бўлса, Тамерлан Камалов (Россия) кумуш, Утку Кап (Туркия) бронза медаль билан тақдирланди. Вазни -73 кг. бўлган йигитлар ўртасида Бенямин Солтаниан (Эрон), Сён Мин Ан (Корея Республикаси), Эржан Берк Имамоғлу (Туркия) ва Роман Ходима (Украина) чемпионатнинг ғолиб ва совриндорларига айланди.

Қизлар тоифасида +68 кг.да эронлик Хана Зарринкамар барча рақибларини енгиб, жаҳон чемпионига айланди. Алисе Бинова (Чехия) эса финалга қадар муваффақиятли иштирок этиб, вице-чемпион бўлди. Зи Юн Жанг (Хитой Тайпейи) ва Сара Зизик (Хорватия) эса бронза медалини қўлга киритди.

Шунингдек, вазни 42 килограммгача бўлган Ли Гюнми (Корея Республикаси), Параскеви Калогиору (Греция), Бахар Тахмасеби (Эрон) ҳамда Лена Касковяк (Польша) шоҳсупага кўтарилди.
Маълумот учун, айни дамда Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобидаги медаллар сони жами учтага етган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА