Томорқа — тўкинчилик, даромад манбаи
Оқолтин туманида аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш ҳажмини ошириш ҳамда хонадонлар иқтисодий фаоллигини кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар Президент томонидан илгари сурилган “Сайхунобод тажрибаси” асосида янги босқичга кўтарилмоқда. Ушбу ёндашув томорқачиликни оддий рўзғор эҳтиёжи эмас, балки барқарор даромад манбаига айлантиришга қаратилган самарали тизим сифатида баҳоланмоқда.
Ҳудудда жами 6 314 та томорқа хўжалиги мавжуд бўлиб, уларга тегишли ер майдони 583,3 гектарни ташкил этади. Шундан 5 382 та хонадонда 518 гектар майдонга баҳорги экинлар экилган бўлиб, ўзлаштириш даражаси 88,8 фоизга етган.

Шунингдек, деҳқон хўжаликларида “бир контур — бир маҳсулот” тамойили изчил жорий этилгани ҳам ижобий натижа сифатида эътироф этилмоқда. Бу ёндашув ер майдонларидан самарали фойдаланиш, маҳсулот сифатини ошириш ҳамда бозор талабига мос етиштириш имконини бермоқда.
– Давлат раҳбари таъкидлаганидек, ҳар бир хонадон ихтиёридаги ер майдони — бу қўшимча ресурс, янги иш ўрни ва реал даромад манбаи ҳисобланади, – дейди туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Ҳомиджонов. – Шу нуқтаи назардан, томорқалардан тўлиқ ва оқилона фойдаланиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш ҳамда оилалар фаровонлигини юксалтириш устувор вазифалардан бирига айланган. “Сайхунобод тажрибаси” эса айнан ушбу мақсадларни ҳаётга татбиқ этишга хизмат қилаётган амалиёт сифатида майдонга чиқмоқда.

Мазкур тизимнинг энг муҳим жиҳати — томорқачиликни тартибли ва даромадли иқтисодий фаолиятга айлантиришдир. Эндиликда ерлардан фақат оила эҳтиёжи учун эмас, балки бозорбоп, сердаромад ва рақобатбардош маҳсулотлар етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу орқали ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар улушини кенгайтириш ҳамда аҳоли даромадларини ошириш кўзда тутилмоқда.

Тизимнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, маҳалла даражасида аниқ ва бириктирилган ҳамкорлик механизми йўлга қўйилмоқда. Банклар, ҳоким ёрдамчилари ва мутасадди ташкилотлар томорқа эгалари билан яқин ҳамкорлик қилиб, уларга уруғлик, агротехник билимлар, иссиқхона ташкил этиш ҳамда маҳсулотни бозорга чиқариш борасида амалий кўмак кўрсатмоқда. Бу эса томорқачиликни стихияли жараёндан тизимли ва режали фаолиятга айлантирмоқда.

– Айниқса, “бир контур — бир маҳсулот” тамойилининг жорий этилиши ер ресурсларидан самарали фойдаланишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу ёндашув орқали муайян ҳудудларда ихтисослашув шаклланиб, ҳосилдорликни ошириш, маҳсулот сифати ва бозор барқарорлигини таъминлаш имконияти кенгаймоқда, – дейди Музаффар Ҳомиджонов.

Оқолтин туманида ҳам “Сайхунобод тажрибаси” асосида томорқалардан самарали фойдаланиш, экин турларини диверсификация қилиш ҳамда сердаромад маҳсулотлар улушини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада хонадонларда нафақат озиқ-овқат хавфсизлиги мустаҳкамланмоқда, балки аҳоли даромадларининг барқарор ўсишига ҳам эришилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири