Тоғли ҳудудда форель балиғи етиштирилмоқда
Халқ тилида Хонбалиқ номи билан машҳур бўлган Форел балиғи гўштининг сифати ва харидорлиги билан ажралиб туради. Ушбу балиқ тури чучук сувли тез оқар дарёларда яшайди ва оқимга қарши сузиб кўпаяди. Бугунги кунда балиқчилик йўналишида фаолият юритаётган тадбиркорлар мазкур балиқ турларини етиштиришни ҳам йўлга қўймоқда ва мўмайгина даромад қилмоқда.
Хусусан, Қашқадарё вилояти Яккабоғ тумани Татар МФЙ Калтақўл қишлоғида яшовчи тадбиркор Сарвар Назаров ҳудуднинг иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, интенсив усулда балиқ етиштиришни йўлга қўйиб нафақат яхшигина даромад топяпти балки кўплаб маҳалла ёшларини иш билан таъминламоқда. Мазкур балиқ чавоқлари Франциядан махсус келтирилган бўлиб, Германиядан олиб келинаётган омихта ем билан боқилмоқда.


– Форель балиғини боқиш учун қишлоғимизнинг иқлим шароити мос келади, – дейди тадбиркор Сарвар Назаров. – Ширин сувли дарё ёнимиздан ўтган ва йил давомида қуримайди. Шу боис дарёга яқин ердан жой олиб, 5 ҳовуз қурдик ва интенсив усулда форель боқишни йўлга қўйдик. Ҳозирги кунда ҳовузларимизда 12 минг дона балиқ сақлаяпмиз. Чавоқларни Франциядан келтириб ўзимизда очирганмиз, Германиядан келтирилган ем билан озиқлантиряпмиз. 12 минг дона балиқ 12 тоннага айланади насиб этса, бу эса 1,5 миллиард даромад дегани. Режаларимиз ҳали кўп. Келгусида балиқ боқиш ҳажмини янада кенгайтириб, ўз қишлоғимизда даромад олиб, иш ўрни яратишни ният қилганмиз.
Ўлмас Баротов, ЎзА.